«Ўзбекистон кўпгина мамлакатларга намуна бўлиши мумкин»
  • 22 Сентябрь 2015

«Ўзбекистон кўпгина мамлакатларга намуна бўлиши мумкин»

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди. Тадбирда АҚШ ҳукумати ва Конгресси вакиллари, дипломатия корпуси, ишбилармон, экспертлар, маданий, илмий-гуманитар доиралар ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари ҳозир бўлдилар.

Давлат котибининг ёрдамчиси Ниша БИСВАЛ республикамизни АҚШ маъмурияти номидан қутлар экан, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳозирги ривожини ижобий баҳолади. Унинг фикрича, Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган биринчи кунларданоқ Америка Қўшма Штатлари юртимизни қўллаб-қувватлаб келаётгани баробарида, мамлакатимиз билан алоқаларни янада мустаҳкамлашни ўз ташқи сиёсатидаги устуворликлардан бири, деб ҳисоблайди.
Тантанали тадбирда АҚШ ишбилармон ва жамоатчилик доиралари вакиллари Ўзбекистон суверен ривожланиш йиллари давомида қўлга киритган муваффақиятларни алоҳида эътироф этдилар.
Хусусан, Америка — Ўзбекистон савдо палатаси директорлар кенгаши раиси Кэролин ЛЭММ барча аъзо компаниялар номидан Ўзбекистон ҳукуматини давлат мустақиллигининг 24 йиллиги билан чин дилдан қутлади.
— Кейинги йигирма йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодиётнинг кўпгина йўналишларида улкан муваффақиятларга эришгани ҳолда, жаҳон бозорларида беқарор вазият сақланиб қолаётган ҳозирги вазиятда ҳам ялпи ички маҳсулот йиллик ўсишининг 8 фоиздан зиёд даражасини таъминлашга қодир бўлган камсонли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда, — деди у. — Биз республикада олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда изчил ўзгаришларни, шу жумладан, бозор иқтисодиётига ўтиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва жозибадор сармоявий муҳитни яратиш бўйича кўрилаётган жиддий чора-тадбирларни маъқуллаймиз ҳамда юқори баҳолаймиз.

Жан ДУ ПЛЕЙН,
“Du Plain Enterprises” компанияси президенти, Халқаро савдо марказининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича дастури директори:
— Ўзбекистоннинг тарихан қисқа даврда қўлга киритган сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиёти эътиборга моликдир. АҚШ худди шундай муваффақиятларга бир неча ўн йилликлар давомида эришган эди.
Ҳозирги пайтда республика ҳудудида истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари ўртасида тинчлик, барқарорлик ҳамда миллатлараро ҳамжиҳатликнинг таъминлангани Ўзбекистоннинг энг муҳим муваффақиятларидан бири ҳисобланади. Дунёнинг қатор минтақаларида тартибсизликлар ва беқарорлик тамойиллари кузатилаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги сиёсати диний ва миллий негиздаги турли низолар юки елкасига тушган кўпгина мамлакатлар учун намуна бўлишга муносибдир.

Питер РУДИК,
Конгресс кутубхонаси ҳузуридаги Ҳуқуқий тадқиқотлар институти директори:
— Мустақиллик йилларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан йўлга қўйилган икки томонлама ҳамкорликни Конгресс кутубхонаси юксак баҳолайди. Томонлар кутубхоначилик иши илмий ходимлари ва мутахассисларини алмашиш бўйича қўшма дастурларни ҳаётга татбиқ этаётгани баробарида, Америка Қўшма Штатлари ҳамда Ўзбекистонда ташкил этилаётган соҳага доир конференциялар ва бошқа тадбирларда мунтазам равишда иштирок этмоқда.
Қуёшли ўлкада қонун ижодкорлигини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш масалаларига қаратилаётган эътибор бизларни қувонтиради. Чунки Америка академик ва тадқиқотчилар доираларида республикадан олинадиган ҳуқуқшуносликка доир китоб ҳамда материалларга талаб катта. Ҳуқуқий соҳани ривожлантириш Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Браян ЛОПП,
“Боинг” компаниясининг халқаро алоқалар бўйича директори:
— Мамлакатингиз, айниқса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан мустаҳкам ва дўстона алоқаларга эга бўлиш биз учун катта шараф. Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларимиз мамлакатингиз авиация тармоғини такомиллаштириш ҳамда ўзбек ҳаво йўлларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашаётганидан жуда фахрланамиз. Шунингдек, томонлар самолётларни таъмирлаш бўйича минтақадаги ягона марказни барпо этиш юзасидан ҳам ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.
Биз ҳозирги пайтда дунёнинг энг муҳим минтақа ва мамлакатларининг аксариятини қамраб олган Ўзбекистон фуқаро авиациясининг жадал ривожланаётгани республиканинг мустақиллик йилларида қўлга киритган муҳим ютуқларидан бири, деб ҳисоблашга ҳақлимиз. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳамда “Боинг” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон — Америка савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигининг муҳим қисмидир. Келгуси йилларда икки томонлама ҳамкорлигимиз янада чуқурлашишига ишонамиз. Бу, шубҳасиз, ҳар икки мамлакат халқларининг фаровонлигига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.
Вашингтон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn