Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш — долзарб вазифа
  • 19 Сентябрь 2015

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш — долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси “Адолат” социал демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси билан  ҳамкорликда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзуда давра суҳбати ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчлик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, соҳага тегишли марказлар ва жамғармаларнинг масъул раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилгани, бу борада кенг кўламли ишлар босқичма-босқич амалга оширилаётгани таъкидланди. Чунончи, ўтган давр мобайнида соҳага доир 14 та қонун ҳужжати ҳаётга татбиқ этилди, улардан бир қанчасига замон талабидан келиб чиқиб, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Давлатимиз раҳбарининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тармоқни ислоҳ қилишга қаратилган 100 дан зиёд Фармон ва қарорлари бугунги кунда аҳоли саломатлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Давра суҳбатида мамлакатимизнинг барча ҳудудида ташкил этилган ихтисослаштирилган тиббиёт масканлари фаолиятига тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, мазкур тиббиёт муассасаларининг касалхоналардан фарқи шундаки, уларда ирсий хасталиклар билан туғилиш, ногиронлик ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болаларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Перинатал марказларида эса ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик  даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги скрининг марказлари томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида гўдакларнинг нуқсон билан туғилиши ҳолатларининг олди олинаяпти.
Президентимиз қарори билан тасдиқланган 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Бинобарин, унда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичида оналар, болалар, ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғин муассасаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унинг ижроси изчил бажарилаётир. 
— Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тизимини янада такомиллаштириш, ёшларда соғлом оила қуриш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кўникмаларини кучайтириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади, — дейди парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Козим Тожиев. — Албатта, бунда ушбу соҳадаги қонунлар ижросини таъминлаш, айримларини такомиллаштириш, фуқароларнинг тиббий маданиятини янада юксалтириш муҳим ўрин тутади. Тадбирда бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг бажарилишини назорат қилиш муҳимлигига урғу берилиб, бу мазкур йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришда долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. 
Тадбирда, шунингдек, иштирокчилар соҳада учраётган айрим камчилик ва муаммолар, уларнинг ечимлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритишди. Депутатлар ушбу муаммоларнинг олдини олиш учун оилавий поликлиникалар, ҚВП, скрининг ва перинатал марказлари, туғуруқхоналарда болаларни кўкрак сути билан озиқлантиришнинг афзалликлари ҳамда камқонлик ва йод етишмаслиги билан боғлиқ касалликларнинг олдини олишга доир тарғибот, кўргазмали воситаларни янада кўпайтириш, бу борадаги тарғибот ишларининг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
Якунда оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn