Долзарб қонун лойиҳаси — муҳокамада
  • 18 Сентябрь 2015

Долзарб қонун лойиҳаси — муҳокамада

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан парламент назоратини амалга оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда қуйи палата депутатлари, Сенат аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), тегишли вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессорлари, шунингдек, ҳуқуқшунос олимлар ва журналистлар қатнашди.
Президентимизнинг парламент палаталарининг шу йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозимлиги таъкидланган эди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилгани парламент фаолияти самарадорлигини янада ошириш, унинг назорат вазифаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу қоида асосида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари самарадорлигини юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўла таъминлаш, жойларда юзага келаётган долзарб масалаларни адолатли ҳал этишга кўмаклашмоқда.
Семинарда таъкидланганидек, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ҳамда манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашида парламент муҳим роль ўйнайди. Бунда эса парламентнинг нафақат қонун ижодкорлиги фаолияти, балки назорат функциясини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Бинобарин, экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бугунги кунда долзарб бўлиб, кенг муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда иштирокчилар ушбу қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Муҳокамалар чоғида мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида, энг аввало, миллий тажриба, яъни ҳозирги вақтда мавжуд миллий қонунчилигимизда парламент назорати билан боғлиқ нормалар ўрганилгани, бу масалада олим ва мутахассисларнинг назарий ҳамда амалий қарашлари эътиборга олингани қайд этилди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар тажрибаси атрофлича таҳлил этилганига эътибор қаратилди.
Депутатларнинг фикрича, парламент назоратининг бир қатор шакллари мавжуд бўлиб, улар амалиётда кенг қўлланилмоқда. Олий Мажлис палаталари томонидан назорат вазифасини амалга оширишнинг ана шу шакллари ва усулларини ушбу ҳуқуқий ҳужжатда тизимли ҳамда аниқ мустаҳкамлаб қўйиш ҳаётий заруратдир.
Семинарда соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn