Тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясининг такомиллашуви
  • 17 Сентябрь 2015

Тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясининг такомиллашуви

хусусий секторнинг жадал суръатда ривожланишини таъминлайди

Мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат самарасида бугунги кунда мазкур соҳа миллий иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланди.
Давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга доир изчил чоралар кўрилиб, иқтисодий ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли имтиёз ва преференциялар тизими яратилгани  бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яқинда пойтахтимизда “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида бўлиб ўтган конференция-семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари буни яна бир карра тасдиқлади.
Дарҳақиқат, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мулкдорлар синфи салоҳиятининг юксалишини таъминламоқда. Айни пайтда ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиз ўрнига 56 фоизга етгани, ушбу секторда аҳолининг 77 фоиздан ортиғи меҳнат қилаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизнинг ижтимоий инфратузилмаси тараққий этишида мулкдорлар салмоқли улуш қўшаётгани, мавжуд барча хўжалик субъектининг 90 фоиздан зиёдини кичик бизнес корхоналари ташкил этиши фикримиз далилидир. Жорий йилнинг биринчи ярмида 15,2 мингта янги кичик бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,3 фоиз кўп демакдир. Эътиборлиси, мазкур субъектларда минглаб фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, муносиб турмуш кечириши учун моддий имконият яратиб берилди.
Эътироф этиш жоизки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимояси тобора такомиллашиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда) ва бошқа ўн бешдан ортиқ қонунлар қабул қилинди.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш учун қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Фармон ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга оид амалдаги маъмурий ва жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш каби долзарб чора-тадбирлар ўз ифодасини топган ушбу Қонунга биноан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатига дахл қиладиган 40 дан зиёд қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мамлакатимиз Конституциясида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани белгиланган. Мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади, истаганча тасарруф этади. Шу нуқтаи назардан, қабул қилинган мазкур Қонундаги ҳуқуқий меъёр ва қоидалар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини равнақ топтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош товарларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали экспорт имкониятларини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратади.
Хусусан, Қонундаги янги меъёрларга асосан, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида белгиланган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ҳамда бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини кўзда тутувчи тартиб жорий қилинди.
Бундан ташқари, тадбиркорнинг моддий аҳволи ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик қилиш шароитини инобатга олиб, суд молиявий санкцияни энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган энг кам миқдорнинг 25 фоизидан кам бўлмаган ҳолда қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди. Маълумки, амалдаги Солиқ кодексининг 114-моддасига кўра, кирим қилинмаган товарларни сақлаш кирим қилинмаган товар қиймати миқдорида жарима солишга сабаб бўлар, шу билан бирга, кирим қилинмаган товарлар тўлиқ давлат даромадига ҳам ўтказилар эди.
Амалга киритилган янги Қонун нормаларига биноан, қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида кирим қилинмаган товарлар давлат даромадига ўтказилганда, Солиқ кодексида назарда тутилган юқоридаги молиявий санкциялар қўлланилмайди.
Яна бир муҳим жиҳати, Жиноят кодексининг 180 ва 181-моддаларида қайд этилган қилмишларни содир этган шахс етказилган моддий зарарни уч карра миқдорида қоплаган тақдирдагина, унга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмас эди. Энди етказилган моддий зарар ўрни қопланишининг ўзи тадбиркорга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслигини кафолатлайди. Бу каби янги жорий этилган ҳуқуқ нормалари мулкдорлар моддий аҳволининг барқарорлигини таъминлабгина қолмай, уларга катта маънавий куч ва фаолиятини янада ривожлантиришга далда беради.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига алоҳида “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” номли бобнинг киритилгани тадбиркорларнинг янада эркин фаолият юритишида таъсирчан омил бўлиши шубҳасиз. Зотан, унинг 8 та моддасида айнан хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш тартибларини бузиш,  уларнинг фаолиятини ёки банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини ноқонуний тўхтатиб қўйиш, ҳомийлик тадбирларига мажбурий жалб этиш, имтиёзларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш каби қилмишлар учун  жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Сир эмас, ҳар қандай текшириш тадбиркорни асосий фаолиятидан четлаштириб, уни турли сарсонгарчилигу оворагарчиликларга рўбарў қилади. Текширишлар тартибини белгиловчи нормалар Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва яна ўнлаб қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Худди шунингдек, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни бериш тартиблари Ўзбекистон Республикасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бир қанча қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Эндиликда Жиноят кодексига тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи янги 1922_модда киритилгани, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш учун ҳам жиноий жавобгарлик меъёрлари белгилангани тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Шу маънода, назорат қилувчи органларнинг текширишларни ўтказиш ваколатига эга бўлган барча ходимларига, тегишли идораларнинг лицензиялаш ва махсус рухсатномалар бериш билан шуғулланадиган мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари моҳиятини чуқур тушунтириш, керак бўлса, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш зарур.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйишни соддалаштириш ва уларга қўшимча имкониятларни яратиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Унга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари, айниқса, кичик бизнес вакиллари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ҳамда ҳуқуқлар ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органлари, давлат статистика органлари, банклар ва бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатсиз берилади. Тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзлар ва преференциялар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида эълон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади. Бундай қулайлик тадбиркорларга соҳадаги барча янгилик ва ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, ортиқча бюрократик сансалорликларга дуч келмаслик, вақтини ҳамда ресурсларини тежаган ҳолда, бутун диққат-эътиборини ўз бизнесини ривожлантиришга сарфлаш имконини беради. Айнан бундай имтиёз ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ва қўллашга тўсқинлик қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Cоҳибқирон Амир Темурнинг “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган ҳикмати беқиёс аҳамиятга эга эканини “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, тадбиркорлик нафақат даромад манбаи, балки одамларнинг интеллектуал ижоди ва қобилиятини юзага чиқарадиган, миллий қадриятларимизни янада жонлантирадиган, инсонларнинг ҳаётга қизиқиши ва омилкорлигини оширадиган восита ҳамдир.
Маълумки, барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакатимизнинг келажак истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонунчилик нормаларининг амалда сўзсиз қўлланилишини тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари билан ишни самарали ташкил этишга доир аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратиб келмоқда. Ушбу мақсадда адлия ва прокуратура органлари томонидан жойларда тадбиркорлик фаолиятини текширишга оид  ҳолатлар ўрганилмоқда. Хусусан, жорий йилда ўтказилган ўрганишларда назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятида 129 ҳолатда ноқонуний текширишлар ўтказгани, мингдан ортиқ ҳолатда текширишларни ўтказиш тартибини бузганлиги, 39 ҳолатда тадбиркорларнинг маблағлари ноқонуний жалб этилгани ва кўплаб ҳолатларда лицензия ва рухсатномалар бериш тартиб-таомилларига риоя этилмагани маълум бўлди.
Эндиги вазифа ҳар биримиздан, энг аввало, қонун ижодкорлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат идораларидан аниқ ва мақсадли ишларни амалга оширишни талаб этади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳам тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларининг бузилиши, ваколатлар доирасидан четга чиқиш, қонун ҳужжатлари нормалари ва қоидаларини нотўғри талқин қилиш ҳолатларини тизимлаштириш учун маълумотларнинг йиғма базасини шакллантириш мақсадида идоралараро комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Унга кўра, тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган мурожаатлар ҳамда бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг турлари, идоралар ва ҳудудлар кесимидаги маълумотлар йиғма базаси шакллантирилди. Ҳозирда аниқланган ноқонуний ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб берган шарт-шароитлар умумлаштирилиб, таҳлил қилинмоқда.
2013 — 2015 йилларга мўлжалланган “Тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар” ижроси бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида вазирлик томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида, фаолият кўрсатмаётган ва зарар кўриб ишлаётган 27 мингга яқин тадбиркорлик субъекти аниқланиб, фаолиятини тиклаш мумкин бўлган 2 мингдан ортиқ тадбиркор билан бевосита учрашувлар ўтказилди. Натижада 1 минг 770 та бизнес субъектининг фаолияти қайта йўлга қўйилиб,  минглаб янги иш ўринлари яратилди.
Соҳа фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, кенг жамоатчиликка унинг мазмун ва моҳиятини етказиш мақсадида адлия органлари ходимлари шу давр мобайнида 2 минг 600 дан зиёд тарғибот тадбирларини амалга оширди. Ҳукумат қарори билан тизимда ташкил этилган махсус 1008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ҳақида зудлик билан тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтирди. Ушбу ҳаракатлар натижасида 2015 йилнинг биринчи олти ойида тадбиркорлик субъектларидан 400 га яқин мурожаатлар қабул қилиниб, улар тегишли тартибда кўриб чиқилди.
Хулоса ўрнида айтганда, дунёда “ўзбек модели” дея ҳайрат ва ҳавас билан эътироф этилаётган ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.


Музраф ИКРАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
адлия вазири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn