Самарали ахборот алмашиш механизми
  • 17 Сентябрь 2015

Самарали ахборот алмашиш механизми

парламент фаолиятида катта аҳамиятга эга

Президентимизнинг жорий йил 23 январдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жойлардан келиб турадиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизмини самарали йўлга қўйиш муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилган эди.
Бинобарин, бу қонун ижодкорлиги соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этишини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг очиқлигига эришиш, жамоатчиликни парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиб боришда долзарб аҳамият касб этади. 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент фаолиятида ахборот алмашиш механизмининг самарали усулларини татбиқ этиш мавзуида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди. Парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, олимлар, малакали мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, экспертлар ва кенг жамоатчилик билан фаол ахборот алмашиш механизмининг ўрнатилиши парламент фаолиятининг самарадорлигини оширишда айни муддаодир. Бу, ўз навбатида, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлишига, жойларда унинг ижроси изчил таъминланишига, энг муҳими, фуқароларнинг қонун лойиҳалари муҳокамаларида фаол иштирок этишларига зарур шароит яратади. Шу боис бугунги кунда мамлакат парламентида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилаётир. Хусусан, фуқароларнинг Қонунчилик палатасининг расмий сайтидаги тегишли хизматдан фойдаланган ҳолда депутатларга мурожаат этишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, расмий сайтда фойдаланувчилар учун қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, таклиф ва тавсиялар билдириш ва унинг жамланмаси билан танишиш имконияти яратилган.
Давра суҳбатида Жанубий Корея, АҚШ, Бельгия, Нидерландия, Австрия ва бошқа қатор мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Депутатлар фикрича,  жамоатчилик билан ахборот алмашишдаги замонавий усулларни жорий этиш, ушбу механизмни  такомиллаштиришда қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, қонун ҳужжатларининг амалда татбиқ этилиши ҳолатини баҳолаш, назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш ҳаётий заруратдир.
— Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ахборот алмашиш механизмини жорий қилишнинг ишончли усулларидан саналади, — дейди парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Расул Кушербаев. — Бугунги кунда мамлакатимиз парламенти фаолиятида жорий этилган хизматларни такомиллаштириш, электрон тарзда мурожаат қилиш, қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг жамоатчиликни жалб қилиш муҳим бўлиб, бу борада қўмитамиз томонидан бир қатор ишлар олиб борилаётир. Ўтказилган тадбир ҳам ана шу мақсадга қаратилган бўлиб, билдирилган таклиф ва тавсиялар Қонунчилик палатаси сайтини янада такомиллаштириш, айниқса, сайловчиларнинг депутатлар ва парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан интерактив алоқалар ўрнатишнинг янги усулларини татбиқ этишга хизмат қилади.
— Ахборот алмашишнинг янги механизмларини жорий қилиш, келгусида миллий қонунчиликни такомиллаштиришда соҳа мутахассисларининг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзоси Суҳроб Акобиров. — Қолаверса, ушбу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни борлигини қайд этиш жоиз. Бугунги кунда ОАВ кўмагида парламент фаолияти жамоатчиликка кенг таништириб борилаяпти, мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар муҳокамасига бағишланган тадбирлар тезкорлик билан етказиб берилмоқда. Шунинг баробарида, уларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.
Давра суҳбати якунида ахборот алмашишнинг ташкилий механизмларини ишлаб чиқиш бўйича зарур тавсиялар берилди.


Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn