Жисмоний тарбия ва спорт — соғлом авлодни тарбиялашнинг муҳим омили
  • 15 Сентябрь 2015

Жисмоний тарбия ва спорт — соғлом авлодни тарбиялашнинг муҳим омили

Президентимиз таъкидлаганларидек, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш — келажаги буюк давлат пойдеворини қуриш, дунёда ўзимизга юксак обрў эгаллаш демакдир.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳоли кенг қатламини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш мақсадида яхлит инфратузилма яратилди, замонавий талабларга жавоб берадиган кўплаб объектлар барпо этилиб, улардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Ўзбекистон йирик халқаро мусобақалар, хусусан, бокс, таэквондо, эркин кураш, қиличбозлик ва бошқа спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари ўтказиладиган мамлакатга айланди.
Президентимиз ташаббуси билан 2002 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши соғлом авлодни жисмоний жиҳатдан бақувват қилиб тарбиялашда муҳим қадам бўлди. Ўтган давр мобайнида ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан 1701 спорт иншооти барпо этилди, уларда замонавий талабларга жавоб берадиган мустаҳкам моддий-техник ва кадрлар базаси жамланди. Булар, шак-шубҳасиз, спорт билан шуғулланишни оммалаштиришга, болалар саломатлигини мустаҳкамлашга, халқаро ареналарда ёшларимизнинг юқори натижаларни қўлга киритишига, Ватанимиз нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, мутлақ соғлом болалар сони 2014 йилда 64,5 фоизга етди. Ваҳолонки, 2005 йилда бу кўрсаткич 52,7 фоизни ташкил қилар эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун мустақил давлатчилигимизда қабул қилинган илк ҳужжатлардан ҳисобланади. Ўзбекистон 1993 йилда Халқаро олимпия қўмитаси, қатор спорт федерацияларига аъзо бўлди. Терма жамоамиз Олимпиада ўйинлари, жаҳон чемионатларида мустақил Ўзбекистон Республикаси байроғи остида қатнаша бошлади.
Ўтган йиллар давомида юртимиз спорти жадал ривожланди. Бугунги кунда вакилларимиз энг нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда. Уларнинг тайёргарлик ва маҳорати сезиларли даражада ошди. Спорт амалда оммавий ҳаракатга айланди. Ҳозирги кунда икки миллион нафардан ортиқ йигит-қизларимиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ҳаётимизда жуда кўп ижобий ўзгаришлар юз берди. Ўз навбатида, соҳада малака ва талаблар ошиб бораётгани ҳамда тизимда кадрлар сиёсатини юритиш амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш заруратини туғдирди.
 Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг сифат жиҳатдан мутлақо янги ҳуқуқий асосларини яратади. Депутатлар ва соҳа мутахассислари ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Алишер ШАДМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тўпланган тажриба, мавжуд амалиёт таҳлили мазкур Қонуннинг бир қатор нормаларини бугунги кун талаблари билан уйғун ҳолга келтириш, уни тизимлаштириш, янгиликлар киритиш, шунингдек, ижро этилиши самарадорлигини янада ошириш заруратини туғдирган эди.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи ушбу ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашда депутатларнинг назорат-таҳлил фаолияти натижаларига, олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фикрларига таянди. Қонун сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги барча фракцияси ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан атрофлича муҳокама қилинди, уларнинг позициялари шакллантирилди. Ушбу мавзуда мутахассислар, кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда давра суҳбатлари, семинарлар ва анжуманлар ўтказилди. Бундай тадбирларда депутатлар, давлат органлари масъул ходимлари, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, тадбиркорлар томонидан юздан ортиқ таклифлар билдирилиб, улар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда инобатга олинди. Ушбу соҳадаги халқаро тажриба ўрганилди, умумэътироф этилган ҳуқуқий нормаларнинг қиёсий таҳлили ўтказилди. Буларнинг барчаси пировардида қонун қоидаларининг яхлитлигини таъминлаш ва уларни тизимлаштиришда қўл келди. Парламент палаталарининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонун ишлаб чиқилдики, бу янги таҳрирдаги қонун қоидаларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Қонун ёшларни спортга кенг жалб қилиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизими ва самарали спорт инфратузилмасини шакллантириш, юқори малакали спортчиларни ҳамда спорт захирасини тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутади.

Нодиржон МУХТОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Қонунда 25 дан ортиқ асосий тушунчаларга изоҳ берилган. Бу ҳуқуқий нормаларнинг бир хил қўлланилишини ҳамда мазкур Қонуннинг самарали ижро этилишини  таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари тўғрисидаги янги нормага эътибор қаратишни истардик. Чунки улар халқимиз маданияти ва бой тарихий меросимизнинг муҳим қисми ҳисобланади. Уларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш йигит-қизларимизнинг нафақат жисмоний соғлом, айни пайтда маънавий камол топишида, аждодларимиз меросига, қадриятларимизга ҳурмат, она-Ватанига муҳаббат руҳида тарбияланишида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда юртимизда ва халқаро миқёсда кураш, белбоғли кураш, “Турон” якка кураши, ўзбек жанг санъати ва бошқа миллий спорт турлари тобора оммалашиб, нуфузи ошиб бормоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу спорт турларини халқаро миқёсда оммалаштириш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Бу янги таҳрирдаги Қонунда ҳам ўз ифодасини топди.
Шунингдек, унда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари белгилаб қўйилгани диққатга сазовордир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини янада аниқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Буларнинг барчаси соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тизимли ривожлантириш имконини беради.

Шавкат СУЛТАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Сертификациялаш ва компьютерлаштириш маркази директори,
“Жисмоний тарбия ва спорт” стандартлаштириш бўйича техник қўмита раиси:
— Бугунги кунда барча ҳудудларда замонавий спорт иншоотлари қурилиши билан бир қаторда, зарур спорт инвентарлари ва жиҳозларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунда бу масалага алоҳида эътибор қаратилгани ниҳоятда муҳимдир.
Сўнгги йилларда давлат ва халқаро стандартларга жавоб берадиган спорт анжомлари, инвентарлари ва кийимларини ишлаб чиқариш кенг ривожланмоқда. Маҳаллий корхоналар салоҳияти ҳисобга олинган ҳолда спорт товарлари каталоги тузиб чиқилган. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури асосида маҳаллий хом ашёдан болалар спорти иншоотларини жиҳозлашда фойдаланиладиган 120 дан ортиқ турда инвентарлар ва юздан зиёд турда спорт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда.
Эътиборлиси, мазкур Қонун билан нафақат спорт терма жамоаларини шакллантириш шартлари, айни пайтда уларни моддий-техникавий, шу жумладан, спорт экипировкаси билан таъминлаш тартиби белгилаб қўйилди. Қонуннинг алоҳида бўлими эса жисмоний тарбия ва спортнинг моддий, тиббий, молиявий ҳамда бошқа таъминотига бағишланган. Янги Қонун билан мамлакатимизда соҳани ривожлантиришнинг барча жиҳати қамраб олинган бўлиб, бу аҳолини жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш масаласини амалий ва кенг миқёсда ҳал этиш, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Равшан ИРМАТОВ,
ФИФА рефериси:
— Республикамизда спортни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ижобий самарасини бераяпти. Осиё, жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмонан соғлом ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида олимпия захиралари коллежлари, спорт мактаблари очилган. Мунтазам ўтказиб келинаётган уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёшларимизнинг маҳорати қанчалик ўсиб бораётганини, улар орасида спорт нечоғлиқ оммалашаётганини кўрсатмоқда.
Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигига, жисмоний тарбия ва профессионал спортга кўрсатилаётган улкан эътиборнинг яққол далилидир. Унда ушбу соҳада фаолиятни ташкил қилишга алоҳида урғу берилган, спортчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган бўлиб, бу уларнинг мақомини оширади, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кафолатлайди. Спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилаяпти. Умуман, ушбу ҳуқуқий ҳужжат жисмоний тарбия ва спортни жадал ривожлантириш, спортчиларимизнинг юқори натижаларни қўлга киритишига хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn