«Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи якунлари икки томонлама алоқалар тарихида янги саҳифани очади»
  • 11 Сентябрь 2015

«Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи якунлари икки томонлама алоқалар тарихида янги саҳифани очади»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 2-3 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикасига буюрган ташрифи ХХР экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Шанхайда хитойлик айрим экспертлар ушбу воқеанинг Ўзбекистон — Хитой муносабатлари кенгайишидаги аҳамияти юзасидан “Жаҳон” ахборот агентлигига ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Юй СИНХУЙ,
Шанхай Ижтимоий фанлар академияси партия қўмитаси котиби:
— Стратегик шерик давлатлар бўлган Хитой ва Ўзбекистон турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилмоқда. Биз Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасининг қатор ташаббусларини қўллаб-қувватлаганини қадрлаймиз. Пекин, ўз навбатида, расмий Тошкентнинг тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлашга оид ташаббусларини маъқуллайди. Шу боис мамлакатингиз Президентининг ташрифи якунлари икки томонлама алоқалар тарихида янги саҳифа очишига ҳамда сиёсий, иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Хитойда Ўзбекистоннинг суверен ривожланиш йиллари давомида қўлга киритган муваффақиятлари, жумладан, бозор иқтисодиёти асосларини барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнлари диққат билан кузатиб борилади.
Шунингдек, республикангиз халқаро майдонда тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзбек халқи Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Жорий йил март ойида бўлиб ўтган Президент сайловининг натижалари буни яққол тасдиқлаб турибди.
Умуман олганда, Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда юз йилликларга тенг бўлган йўлни босиб ўтди. У бугунги кунда замонавий, изчил ривожланиб бораётган давлат ҳисобланади. Академиямиз делегацияларининг мамлакатингизга сафарлари чоғида биз бунга амин бўлдик.

Яо СИМИН,
Шанхай университети ҳузуридаги Ўзбекистон тадқиқотлари ва маърифий алмашувлар маркази директори:
— ХХР раиси бир неча маротаба таъкидлаганидек, жумладан, март ойида Ислом Каримов мамлакат Президенти этиб сайлангани муносабати билан йўлланган қутловномада ҳам қайд этганидек, Хитой ташқи сиёсатининг стратегиясида Ўзбекистон муҳим ўринни эгаллайди.   Юқори ва олий даражадаги ташрифлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бу томонлар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ўсувчанлигидан, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик кўпгина ўта муҳим масалалар юзасидан нуқтаи назарларнинг муштараклигидан, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича бирдек манфаатдорликнинг мавжуд эканлигидан далолат беради.
2013 йили олий ўқув юртимизда Ўзбекистон тадқиқотлари ва маърифий алмашувлар марказининг очилгани икки томонлама ҳамкорлик ривожига муҳим ҳисса қўшди. Бундан ташқари, биз юртингиз институт ҳамда университетлари билан ҳам ўзаро алоқаларни йўлга қўйдик.
Олий ўқув юртимиз ҳудудида буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш масаласини ҳал этиш ниҳоясига етмоқда.

Ян БО,
Шанхай Халқаро тадқиқотлар университети ҳузуридаги Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори ўринбосари:
— Ўзбекистон Марказий Осиёдаги вазиятга ўта жиддий таъсир кўрсатади. Бу мамлакат Хитойнинг минтақадаги муҳим шериги ҳисобланади. Томонлар бир-бирининг манфаатларини илгари суриш учун халқаро майдонда сиёсий жиҳатдан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашаяпти.
Иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда, Хитойнинг кўпгина компаниялари Ўзбекистон бозорига тобора фаол кириб бораётгани ҳолда, истиқболли лойиҳаларни ҳам ҳаётга татбиқ этмоқда. 
Ишончим комилки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мазкур ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатларни янада чуқурлаштиришга кўмаклашади.

Цзян ФЭН,
Шанхай Халқаро тадқиқотлар университети партия қўмитаси котиби:
— Яқинда республикангиз мустақиллигининг 24 йиллиги кенг нишонланди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ сана билан чин дилдан табриклайман.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида Президент Ислом Каримов раҳбарлигидаги оқилона стратегия туфайли Ўзбекистон дунёнинг изчил ривожланиб бораётган давлатлари сафидан жой олди. Ўз тараққиёт моделига таянган ҳолда, республика ички сиёсий барқарорликни, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликни таъминламоқда. Бу муваффақиятлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Хитой — Ўзбекистон дўстлиги барқарор мустаҳкамланиб бораётгани бизни қувонтиради. Ҳозирги пайтда бизнинг муносабатларимиз изчил ривожланиб бораётгани билан изоҳланади.  Шанхай Халқаро тадқиқотлар университети бундан кейин ҳам мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг чуқурлашишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрдир.

«Жаҳон» АА.
Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn