Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси
  • 10 Сентябрь 2015

Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси

Мамлакатимиз аҳолиси Мустақиллик байрамини кўтаринки кайфиятда нишонлади. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадри ниҳоятда катта эканлиги одамларнинг мамнун қиёфасида яна бир карра ўз исботини топди.

Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, Мустақиллик биз учун ҳаётимизнинг маъно-мазмунини бутунлай ўзгартирган, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеа бўлиб, Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир.
Дарҳақиқат, тарихан қисқа даврда амалга оширилган оламшумул ишлар натижасида Ўзбекистон ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олмоқда. Бу эса, ўз навбатида, халқимиз, одамларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги, фуқаролик масъулияти ва бурчи юксалиб бораётганидан далолат беради.
Чунончи, жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган инқирозга қарамасдан, мамлакатимиз бугун дунёда жадал ривожланаётган давлатлар орасида бешинчи ўринни эгаллагани ва кейинги ўн йилликда иқтисодиётимизнинг юксалиш суръати 8 фоиздан кам бўлмай, истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани барчанинг ҳавасу ҳайратини уйғотмоқда.
Албатта, бу муваффақиятлар мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган, чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, бугунги кунда жаҳон миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастури асосида “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган тамойилнинг изчил рўёбга чиқарилаётгани натижаси, десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, истиқлолнинг илк кунлариданоқ ёш авлодни мустақил фикрлайдиган, ҳаётга янгича қарайдиган, буюк ишларга қодир куч сифатида тарбиялашга қаратилган мутлақо янги тизим яратилгани ва бу бугун ўзининг кутилган натижаларини бераётгани эътиборга моликдир.
Сир эмаски, XXI аср тез суръатлар билан жадал ривожланиб бормоқда. Глобаллашув жараёнлари, жаҳон бозорида рақобат кураши кучайиб, бешафқатлиги тобора ортаётгани, кескинлик ҳамда турли хавф-хатарлар, геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринишнинг, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидларнинг кучайиб бораётгани бугунги кунда ҳар қандай давлат, ҳар қайси халқ олдига ўта муҳим ва долзарб талабларни қўймоқда.
Бундай ўта таҳликали вазиятда мамлакатимизнинг Президентимиз раҳнамолигида олиб бораётган ташқи сиёсати халқаро қонун ва нормаларда муҳрлаб қўйилган асосий принципларга риоя этиш, юзага келадиган қарама-қаршилик ва низоларни зўравонлик билан эмас, фақатгина тинч ҳамда сиёсий йўл билан ҳал қилишни, ҳозирги вақтда дунёнинг турли ҳудудларида давом этаётган уруш ва қон тўкиш ҳолатларини сўзсиз тўхтатишни назарда тутади.
Шунингдек, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни мақсад қилади. Бинобарин, 2012 йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслиги, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига ва ҳарбий хизматчиларимизнинг юртимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаслиги белгиланган бўлиб, унга тўла-тўкис риоя этилади.
Мухтасар айтганда, ҳозирги вақтда мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар, эришилаётган муваффақиятлар ўтаётган кунларимизнинг осудалигига бевосита боғлиқдир. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу — ўзбек халқининг истаги, бу — ўзбек халқининг мақсади, бу — ўзбек халқининг қароридир.

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn