Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда
  • 09 Сентябрь 2015

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда

Бугунги кунда мамлакат аҳолиси соғлиғини муҳофаза қилиш, одамларни сифатли гўшт ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг муҳим ва долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Унда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.
Йиғилишда ўтган даврда қўмита ҳузуридаги экспертлар, ветеринария соҳасининг етакчи мутахассислари ва олимлари, амалиётчилар ҳамда жамоат ташкилотларининг вакилларидан иборат ишчи гуруҳи ушбу қонун лойиҳаси устида фаол иш олиб боргани, пировардида турлича фикрлар ва қарашлар, таклиф ҳамда тавсиялар, баҳс ва мунозаралар асосида лойиҳа маромига етказилгани қайд этилди.
Бу галги муҳокама ҳам Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракциялари аъзолари томонидан сайловолди дастур ҳамда электорат манфаатлари ҳимоясидан келиб чиққан ҳолда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
— Биз қонун лойиҳасида хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилиш мақсадида қатор таклифларни илгари сурдик ва уларнинг лойиҳага киритилишига ҳаракат қилдик, — деди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси И. Зокиров. — Масалан, хусусий ветеринариянинг ролини кучайтириш, ҳақиқий рақобат муҳитини қарор топтириш мақсадида уларнинг мутахассисларига давлат ветеринария хизмати мутахассислари эга бўлган ҳуқуқлар берилиши таклиф этилди.
Бу Президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари, мазкур йўналишда қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларига мос келади.
— Ушбу қонун лойиҳасини такомиллаштиришда партиямиз сайловолди дастуридаги асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда озиқ-овқат сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдик, — деди “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси Ж. Абдижамилов. — Хусусан, таклифларимиз асосида қонун лойиҳасида ҳайвонларни юқумли касалликлар пайдо бўлганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг чеклов тадбирларини (карантин) ўрнатишдаги ваколатлари янада аниқлаштирилмоқда.
— Биз қонун лойиҳасини такомиллаштиришда аҳоли саломатлигини таъминлашга оид талабларни кучайтириш, шунингдек, эпизоотик вазиятларда аҳолига ёрдам бериш, ҳайвонлар ва улардан олинадиган маҳсулотларнинг сифатини назорат қилишга асосий эътиборни қаратдик, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси З. Акрамова. — Қонун лойиҳасига Давлат ветеринария бош бошқармаси республика ҳудудларида, шу жумладан, чегара ҳудудларда, шунингдек, қўшни ҳамда чет давлатларда юзага келган эпизоотик вазият тўғрисида тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларни хабардор қилиши, эпизоотияларни бартараф этиш бўйича тавсиялар бериши ҳақида норма киритилиши таклиф қилинди.
— Биз ветеринария соҳасидаги давлат идораларининг ваколатлари аниқ белгиланишига алоҳида эътибор қаратдик, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ш. Якубов. — Таклифимиз асосида лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ветеринария соҳасидаги ваколатларини аниқ баён этиш масаласи кўтарилди. Шу билан бирга, чорва моллари ҳамда улардан олинадиган маҳсулотлар ва хом ашё эгаларининг ҳуқуқларини кенгайтиришга урғу берилмоқда. Масалан, ҳайвон эгалари ветеринария осойишталигини таъминлашни яхшилаш бўйича таклифлар бериш, ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларини огоҳлантириш, олдини олиш, диагностика ҳамда йўқотиш бўйича текин хизматлар олиш ҳуқуқига эга бўлмоқдалар.
Муҳокамада иштирокчилар, мутахассислар мазкур қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn