Ижтимоий муҳофаза ва масъулият
  • 09 Сентябрь 2015

Ижтимоий муҳофаза ва масъулият

Юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, айниқса, ногиронларга кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Алоҳида эҳтиёжли фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этишда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан видеоконференция тарзида ташкил қилинган йиғилиш айни мавзуга бағишланди. Унда юқорида келтирилган Қонун ижроси юзасидан Сирдарё вилоятида назорат-таҳлил тартибида ўтказилган ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама этилди.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, Сирдарё вилоятида ногиронларни аниқ, манзилли қўллаб-қувватлаш, ногирон болаларнинг мактабгача ва мактабдан ташқари таълимини, ногиронларнинг касб тайёргарлигини, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълим олишини таъминлаш, мазкур соҳада давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш каби қатор йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 3 минг нафарга яқин алоҳида эҳтиёжли бола соғломлаштирилди. Имконияти чекланган фуқароларга реабилитация воситалари ҳамда протез-ортопедия маҳсулотлари етказиб бериш, улар ўртасида бандликни таъминлаш, айниқса, алоҳида эҳтиёжли 9-синф битирувчиларини каcб-ҳунар ўрганишга йўналтириш, ташкилот, корхона ва муассасаларда улар учун иш ўринлари ташкил қилиш чора-тадбирлари ҳам изчиллик касб этмоқда.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида эҳтиёжманд инсонларга ҳар томонлама кўмаклашиш, ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмай, ўз турмушидан мамнун бўлиб яшашини кафолатлашдек эзгу саъй-ҳаракатлар устувор вазифа этиб белгиланди.
Йиғилишда истиқболдаги вазифалар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиб, ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар бўйича мутасаддиларнинг масъулиятини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ф. МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn