Депутатлар таълим тизимига оид қонун ҳужжатлари ижросини муҳокама қилдилар
  • 08 Сентябрь 2015

Депутатлар таълим тизимига оид қонун ҳужжатлари ижросини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим тизимини замон талаблари асосида ислоҳ этиш ва ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишга йўналтирилган аниқ стратегия ҳаётга татбиқ этилди. Пировардида соҳа тубдан янгиланиб, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник ҳамда кадрлар базасига эга таълим-тарбия инфратузилмаси яратилди. Бунда, хусусан, 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатда янги жамият қуришнинг босқичма-босқич ҳамда тадрижий ривожланиш принципига асосланган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар “ўзбек модели”нинг ажралмас таркибий қисми сифатида катта муваффақиятлар омили бўлди.
Бу борада парламентимиз томонидан соҳага оид қонунчиликни изчил такомиллаштириб бориш, уларнинг ижро механизмларини кучайтиришга ҳамда ижроси юзасидан доимий назоратни амалга оширишга эътибор қаратиб келинаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 23 январида бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг таъсирини оширишга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эди.
Айни пайтда бу борада Қонунчилик палатаси қўмиталарида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яъни қонунларнинг бажарилиши устидан парламент назорати самарадорлигини янада ошириш масаласига катта эътибор берилмоқда.
Қуйи палатанинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида халқ таълими муассасаларида чет тилларни ўргатиш борасидаги қонунчиликнинг ижроси юзасидан халқ таълими вазирининг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш доирасида чет тилларга ўқитишнинг комплекс тизими, яъни баркамол, интеллектуал ривожланган, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига йўналтирилган тизим яратилди. Шу билан бирга, Президентимизнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш, ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, ёшларнинг халқаро ҳамкорлик ҳамда мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиққани билан аҳамиятлидир.
Бинобарин, ўтган давр мобайнида чет тилларни ўқитиш тизими тубдан ўзгарди. Хусусан, 2013/2014 ўқув йилидан эътиборан барча умумтаълим мактабларининг 1-синфларидан бошлаб янги модель асосида чет тилларни ўқитиш бошланди. Узлуксиз таълим тизими учун чет тиллардан янги давлат таълим стандартлари, замонавий ўқув қўлланмалари ҳамда дарслик мажмуалари яратилди.
Йиғилишда айтиб ўтилганидек, бу борада сўнгги 3 йилда 5 миллиондан ортиқ нусхада дарсликлар чоп этилди. Шу билан бирга, 17 минг 222 та чет тили кабинети учун қўшимча адабиётлар, луғатлар ҳам Давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилди. Уларни замонавий мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, турли электрон ахборот-таълим ресурслари, видеодарслар, видеоқўлланмалар, интерактив ўйинлар каби 50 дан ортиқ ресурслар яратилди.
Кадрлар таъминоти ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар бажарилди. Ўтган даврда 18 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчиларининг малакаси оширилди. Мактабгача таълим муассасалари ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ҳам бу борада муайян чора-тадбирлар олиб борилаяпти, тўгараклар фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, йиғилишда тизимда ҳали ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги қайд этиб ўтилди. Жумладан, таълим муассасаларида етказиб берилган жиҳозлар, ахборот-коммуникация технологияларидан янада оқилона фойдаланиш, мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлақонли ўрганиш, педагоглар иш самарадорлигини янада ошириш, дарс жараёнида ўқув қуроллари, замонавий мультимедиа маҳсулотларидан кенг фойдаланишни такомиллаштириш зарур. Шунингдек, бошланғич синф ўқитувчиларининг чет тилларни ўқитиш бўйича малакасини ошириш тизимидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш тавсия этилди.
— Мамлакатимизда интеллектуал етук авлодни камол топтириш масаласига мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб жиддий эътибор қаратиб келинмоқда, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси А. Қирғизбоев. — Бугунги кунда фарзандларимиз таълим-тарбияси учун ҳаракат ҳам, харажат ҳам аялмаяпти. Биргина чет тилларни ўрганиш йўналишини оладиган бўлсак, сўнгги 2-3 йилда соҳага янгича ёндашувлар ва замонавий педагогик технологиялар жорий этилди. Қўмитамиз иш режасида кўзда тутилган ушбу йиғилишда ҳам айни шу масала бўйича қонунчиликнинг бажарилиши кўриб чиқилди. Албатта, тадбирдан аввал жойларда, вилоятларда бўлиб, тизимдаги ислоҳотларнинг бориши ҳамда қонунчилик ижросини ўргандик. Таъкидлаш жоизки, бу борада кўплаб ишлар қилинган. Ўқитувчиларга етарли шароитлар, яъни чет тилини ўқитиш учун махсус жиҳозланган хоналар яратилган. Президентимизнинг қароридан сўнг биринчи синф ўқувчиларига ҳам чет тиллар ўқитила бошланди. Пировардида бу бир неча тилларда сўзлаша оладиган, жамиятда муносиб ўрин эгаллайдиган фарзандларни тарбиялаш, етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратади.
Йиғилишда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn