Нодавлат нотижорат ташкилотлари қўллаб-қувватланмоқда
  • 04 Сентябрь 2015

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятда демократик қадриятларни қарор топтиришда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар умумдавлат аҳамиятига молик дастурлар ижросини таъминлашга муносиб улуш қўшиб, аҳолининг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини кучайтириш, бандлик кўрсаткичини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшлар таълим-тарбияси, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжманд қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш каби долзарб йўналишларда самарали лойиҳаларни рўёбга чиқараётир.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари  илғор ғоя ва ташаббусларини илгари суриш баробарида давлат бошқаруви органлари томонидан муҳим қарорларни қабул қилишда,  қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишда фаоллик кўрсатмоқда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бораяпти.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари тобора равнақ топаётгани “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан далолат беради.
Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича шаклланган пухта механизм нодавлат тузилмаларнинг ташкилий-техник ва иқтисодий негизини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз парламенти ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти учун давлат бюджети маблағларини шакллантириш, тақсимлаш, молиялаштириш ҳамда уларнинг ишлатилишини мониторинг қилиш бўйича миллий тизим яратилгани айни муддаодир.
Сўнгги тўрт йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида ажратиладиган маблағлар миқдори уч маротаба ошди. Бунга мутаносиб равишда ННТ лойиҳаларини молиялаштириш ҳажми ҳам ўсди. Жумладан, жорий йилда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 4,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган. Шу тариқа фуқаролик институтлари ташаббусларини рағбатлантириш натижасида юзлаб лойиҳалар ўзининг амалий ифодасини топди.
Тадбирда Жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган 3 ва 4-грант танловлари ғолиблари аниқланди. Парламент комиссияси қарорига кўра, ушбу танловга тақдим қилинган 500 дан ошиқ лойиҳадан 82 тасига грант ажратилди.
Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилган  5 ва 6-грант танловларини ўтказиш, Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий меросини, республика ижтимоий ҳаётида эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш мақсадларига йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қўшимча грант танловини ташкиллаштириш ҳамда бошқа қатор масалалар муҳокама этилди.
Парламент комиссияси йиғилиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn