Фумихико КАТО: Ўзбекистон минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда
  • 29 Август 2015

Фумихико КАТО: Ўзбекистон минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик руҳида изчил ривожланмоқда. Икки давлат ўртасида ҳамкорлик кўлами ва йўналишлари йил сайин кенгайиб бораётгани ҳам бунинг тасдиғидир. 

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллиги байрами муносабати билан ЎзА мухбири Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико КАТО билан суҳбатлашди.

— Жаноб элчи, суҳбатимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ўтмоқда. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз эришган ютуқлар ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан ўз танлаган йўлидан оғишмай бормоқда ва улкан муваффақиятларга эришмоқда. Давлатингиз минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, шу тариқа минтақадаги осойишталик ва фаровонликка улкан ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва иқтисодиётни модернизация қилиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Япония бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр.

— Сизнингча, Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигининг қайси йўналишлари устувор ҳисобланади?
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2002 йил май ойида Японияга ташрифи давомида имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот, 2003 йилда ҳаво қатнови соҳасида ва 2008 йилда инвестициялар тўғрисида қабул қилинган битимлар икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Япония Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2014 йил Япониядан Ўзбекистонга 17 миллиард 790 миллион иен миқдорида маҳсулотлар, асосан, автомобиллар ва резина буюмлари экспорт қилинган. Ўзбекистондан Японияга экспорт ҳажми эса 2 миллиард 910 миллион иенни ташкил этган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Япониянинг 17 компанияси фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмиталарининг ўн икки қўшма мажлиси ва тўртта бизнес-форуми ўтказилганини таъкидлашни истардим. Шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш масалалари бўйича ҳам ҳамкорлик қилинмоқда.

— Япония бизнес тузилмаларининг Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларда иштироки ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Минтақада йирик давлат сифатида муҳим геосиёсий ўринга эга Ўзбекистоннинг изчил ривожланиб бораётгани Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Япония ҳукумати Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бошлаб, мамлакатингизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Сўнгги йилларда беғараз ёрдам кўрсатиш ва техник ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишдан ташқари катта ҳажмда кредитлар тақдим этилаётир. Навоий иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси, энергетика секторига оид лойиҳалар, Аму-Бухоро канали тизимини қайта тиклаш лойиҳасини молиялаштириш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, шу йилнинг июль ойида «Исузу Моторс» компанияси Самарқанд автомобиль заводига қўшимча инвестициялар жалб этишга қарор қилди. Илгари компания технологиялар ва брендни тақдим этган бўлса, энди завод устав капиталидаги 8 фоиз улушни сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолади.
Япония ҳукумати бундан буён ҳам хусусий компанияларнинг Ўзбекистонда бизнес лойиҳаларни амалга оширишини ва кенгайтиришини қўллаб-қувватлайди.

— Туризм, маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Туризм мамлакатлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади. Япония оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти кенг тақдим этилмоқда. Мамлакатингизга келаётган япониялик сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлигининг ўқув дастурлари ҳамда «Тараққиётга расмий кўмак» дастури бўйича Ўзбекистондан Кунчиқар мамлакатга талабалар юборилмоқда. Университетлар ўртасида ҳам илмий ҳамкорлик фаоллашмоқда. Жорий йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тили биринчи хорижий тил сифатида ўқитила бошлаши бизга мамнуният етказмоқда.
Маданият соҳасида эса Ўзбекистон — Япония маркази самарали фаолият юритмоқда. Япония элчихонаси ҳар йили чой маросимлари ва кинофестиваллар ўтказиб, Кунчиқар мамлакатнинг маданияти билан таништириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, шу йилнинг 9 сентябридан
3 октябригача Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида япон қўғирчоқлари кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

— Ўзбекистон халқига байрам тилакларингиз.
— Япония ҳукумати номидан Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 24 йиллик байрами билан самимий табриклайман. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро англашув асосида қарор топган дўстона муносабатлар бундан буён ҳам ривожланиб, халқларимиз манфаатига хизмат қилишига ишонаман. Ўзбекистон ва унинг дўст халқига чин қалбимдан тинчлик, осойишталик ва фаровонлик тилайман.

ЎзА мухбири  
Анвар САМАДОВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn