Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилмоқда
  • 29 Август 2015

Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилмоқда

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Бинобарин, мазкур соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини изчил такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат асосида комплекс дастур тасдиқланиб, унинг ижроси доирасида кичик бизнес ривожини рағбатлантириш механизмларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаяпти.
Хусусан, жорий йилнинг 21 августида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга,  уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун эълон қилинди.
Ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида уни тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда бевосита иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Мазкур Қонун тадбиркорлар эркинлиги, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хўжалик субъектларининг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, бу борадаги тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этишга доир иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Зеро, ишончли бозор механизмларини яратиб берувчи пухта иқтисодий пойдевор ва аниқ амалий дастурга эга кучли давлатгина тадбиркорлик учун мана шундай муҳим преференцияларни тақдим эта олади. Ваҳолонки, бугун ҳар қайси мамлакатда ҳам бундай имконият мавжуд эмас.
Қонунга мувофиқ, микрофирма, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларида текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар эса кўпи билан уч йилда бир марта ўтказилади. Бу эса шу каби текширишлар миқдорини жадал қисқартириб, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Солиқ кодексига киритилган тузатишга биноан, судларга тадбиркорнинг моддий аҳволи ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик қилиш шароитини инобатга олиб, Солиқ кодексида белгилаб берилган молиявий санкциянинг энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллаш ҳуқуқи берилаяпти.
Ушбу Қонуннинг долзарблиги ва бевосита электоратимиз манфаатларидан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари унинг аҳамияти ҳамда мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш ишларини олиб боришни режалаштирган.

Элдор ТУЛЯКОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Фракциямиз аъзолари доим кичик бизнес субъектларига ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатиш, уларнинг ролини ошириш, янада тараққий топишини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда соддалаштириш тарафдори бўлиб келган.   
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойидаги Фармонида кўрсатиб ўтилган ғоя ва ташаббусларнинг қонунчиликда ўз инъикосини топиши бугунги кун талабларига тўла мос келади. Янги Қонунда савдо қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасида қилинган ҳуқуқбузарликлар, жуда кўп миқдордаги ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно тарзда, жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди. Ундаги яна бир янгилик шуки, солиқ тўлашдан биринчи марта бўйин товлаган шахсга нисбатан, агар у ўттиз кун ичида солиқ ва бошқа тўловлар, жумладан, пеня ва бошқа молиявий санкциялар кўринишида давлатга етказилган зарарни қоплаган тақдирда, жиноят иши қўзғатилмаслиги ва жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилди.
Айни пайтда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилди. Бу эса лицензиат ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли муҳофазасини таъминлайди. Жумладан, тегишли орган лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилиши тартиби ўрнатилаяпти.

Шуҳрат МАМАЖОНОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Шубҳасиз, янги Қонун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тараққиётини жадаллаштириш учун қулай шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, Ўзбекистон иқтисодиётига маҳаллий ҳамда хориж инвестицияларини кенг жалб этиш, янги иш ўринлари барпо қилишнинг ҳуқуқий кафолатига айланади. Бу эса аҳоли фаровонлигини юксалтириш асоси ҳисобланади.
Чунончи, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонундан тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш учун давлат органларига мурожаат қилиш мажбуриятига оид қоида чиқарилди. Бунинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференциялар ягона реестри яратилади. Бундай афзаллик ишбилармонларнинг соҳада рўй бераётган ўзгаришлардан ўз вақтида бохабар бўлишида катта ўрин тутади.
Тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилган имтиёз ва преференцияларни амалга оширишнинг ягона механизмини яратиш мақсадида Қонун асосида давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига ана шу имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини тушунтириш мажбурияти юклатилмоқда. Бу, ўз навбатида, юқоридаги енгилликларни қўллашдаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, шунингдек, бизнес юритишда яратилаётган қулайликлар бўйича тадбиркорларнинг хабардорлигини оширишда қўл келади.
Мухтасар айтганда, ушбу Қонун ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало, жамият манфаатларига хизмат қилувчи бозор иқтисодиётининг янада ривож топишида мустаҳкам асосга айланади.

Умид СУЛАЙМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ҳуқуқ-тартибот, назорат ва бошқа давлат органлари масъул шахсларининг тадбиркорлик субъектлари хўжалик ҳамда молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлайди. Хусусан, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш билан боғлиқ барча ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик бирлаштирилмоқда.
Масалан, янги ўзгартишга кўра, жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилади.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жадал ривожи учун зарур шароитлар яратишга туртки беради.

С. МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn