Қонунлар тарғиботи — ижро самарадорлиги омили
  • 29 Август 2015

Қонунлар тарғиботи — ижро самарадорлиги омили

Мамлакат тараққиёти, барча соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллиги парламентимиз томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг ишлаши, аниқроғи, ижро механизмига эга бўлиши билан чамбарчас боғлиқдир. Зотан, қонунлар ҳаётимизда катта ўзгаришларга туртки беради, юксалишга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига ижобий таъсир кўрсатади.

Шу боис ҳам амалиётга татбиқ қилинаётган янги қонунлар мазмун-моҳияти, уларда белгиланган норма ва қоидалардан фуқароларнинг етарли даражада бохабар бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан яқинда маъқулланган қонунларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда учрашув ва семинарлар ташкил этилди. Сенаторлар, маҳаллий вакиллик органлари, суд, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, маданият ва спорт ишлари тизими ходимлари,  жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда журналистлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирларда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирларда алоҳида таъкидланганидек, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи мазкур қонун ҳужжатлари инсон манфаатлари устуворлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз. Хусусан, амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтириш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонун кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилди.
— Яқинда кучга кирган ушбу Қонун хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаб, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадларига йўналтирилгани билан долзарб аҳамиятга эга, — дейди сенатор С. Баратова. — Жумладан, унда солиқ тўлашдан биринчи марта бўйин товлаган шахсга нисбатан, агар у ўттиз кун ичида солиқ ва бошқа тўловлар, жумладан, пеня ва шунга ўхшаш молиявий санкциялар кўринишида давлатга етказилган зарарни қоплаган тақдирда, жиноят иши қўзғатилмаслиги ва жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, савдо қоидаларининг бузилиши учун жавобгарлик жиноий юрисдикциядан маъмурийга юрисдикцияга ўтказилди. Бу каби янги қоидалар бугунги кунда аҳолининг бандлиги ва турмуш фаровонлигини оширишда ғоятда муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини такомиллаштиришга, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга имкон беради.
Жойларда ўтказилган тарғибот руҳидаги тадбирларда аҳоли кенг қатлами, айниқса, хусусий сектор вакилларига мазкур Қонун қоидалари атрофлича тушунтирилиб, тадбиркорларни қизиқтирган кўплаб масалаларнинг қонуний ечими кўрсатиб берилди.
— Парламент томонидан қабул қилинган янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида ташкил этилган бундай семинар ва учрашувлар айни муддао бўлди, — дейди Жиззах вилоятининг ўаллорол туманидаги “Сарафроз плюс” оилавий корхонаси раҳбари Гулбаҳор Муродова. — Вилоятимиз марказида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда сўнгги ўн йилда юртимизда кичик бизнес субъектларига раҳбарлик қилаётган хотин-қизлар сони 1,6 баробар ошиб, жами тадбиркорларнинг 35 фоизини аёллар ташкил этаётгани айтиб ўтилди. Очиғи, бундан мамнун бўлдим. Бу мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка хотин-қизлар кенг жалб қилиниб, улар учун барча имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётганининг амалий натижасидир. Мен ҳам мана шундай қулай шароитда ўз оилавий корхонамизни янада ривожлантириб, иш ўринларини кўпайтиришни ният қилиб турибман. Президентимизнинг шу йил 15 майдаги Фармони доирасида бир қатор қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар биз, тадбиркорларга бизнес фаолиятимизни янада тараққий эттириш мақсадидаги режа ҳамда лойиҳаларимизни ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширишимизда пойдевор бўлиши, шубҳасиз.
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, қабул қилинган қонун ҳужжатларида иқтисодиётни либераллаштириш баробарида, аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда ижтимоий барқарорликни сақлаш, фуқароларнинг соғлом турмуш кечиришини кафолатлашнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топган. Ўтказилган тарғибот тадбирларида айни масала “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси қонунлари мисолида таҳлил қилиниб, ушбу ҳужжатлар замиридаги пировард мақсад, уларнинг моҳияти кенг тушунтирилди.
— Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунда аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини яратиш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илғор ҳамда самарали спорт инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган қоидалар белгиланган, — дейди Сирдарё вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Ўринбоев. — Унда юқори тоифали спортчилар ва спорт захираси тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир талаблар ҳам киритилганини келгусида юртимиз шарафини халқаро мусобақаларда, олимпиада ўйинларида муносиб ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган соҳа вакилларига бўлган катта эътибор, дейиш мумкин. Янги таҳрирдаги Қонунда Ўзбекистоннинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш ҳамда оммавийлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилгани янада қувонарлидир. Қисқача айтганда, бу ҳужжат соғлом турмуш асоси бўлган спортни жадал суръатда ривожлантиришда муҳим қадамдир.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn