Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — устувор вазифа
  • 25 Август 2015

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — устувор вазифа

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, фуқароларни зарур дори воситалари билан таъминлашга қаратилгандир.

Мазкур соҳанинг самарали ривожланишида замон талаблари асосида изчил такомиллаштириб борилаётган пухта қонунчилик базаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида кенг муҳокамалар бўлиб ўтаяпти. Зотан, унинг ҳаётга татбиқ қилиниши дори воситалари муомаласи ҳамда фармацевтика соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг тиббий амалиётда самарали қўлланилишини таъминлаш, аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб беришда катта роль ўйнайди.
Аввал хабар қилинганидек, ушбу қонун лойиҳаси дастлаб Демократик кучлар блоки томонидан мутахассислар, жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда кўриб чиқилиб, шу аснода унинг алоҳида нормалари бўйича принципиал таклиф ва тавсиялар тайёрланиб, улар қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига қонун лойиҳасини кейинги босқичга тайёрлаш учун тақдим қилинди.
Шу муносабат билан барча фракция аъзолари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари иштирокида масъул Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Демократик кучлар блокининг таклифлари таҳлил этилди.
Республикамизда фармацевтика фаолиятининг муҳим жиҳатлари муҳокамаси, депутатлар томонидан ўз электорати манфаатлари ва сайловолди дастурларидаги мақсад-вазифалардан келиб чиққан ҳолда, алоҳида нормалар бўйича нуқтаи назарлари йиғилишга қизғин баҳс-мунозара муҳитини бағишлади.
— Демократик кучлар блоки томонидан илгари сурилган қатор муҳим таклифлар долзарб ҳисобланади, — дея қайд этди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси У. Сулаймонов. — Хусусан, ҳукуматнинг дори воситалари муомаласи ҳамда фармацевтика фаолияти соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Шу билан бир қаторда, бизнинг фикримизча, қонунда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини шакллантиришга оид қоидани кўрсатиб ўтиш лозим.
— Умуман, Демократик кучлар блокининг қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифларини маъқуллаган ҳолда, мухолиф фракция аъзолари алоҳида нормалар бўйича ўз фикрларини тақдим этишди, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси С. Раҳматов. — Жумладан, қонун лойиҳасида айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг имтиёзли берилишини таъминлаш тартибини аниқлаштирувчи, шунингдек, стационар ва амбулатор даволаниш даврида тиббий хизмат кўрсатишнинг давлат кафолатлари доирасида дори воситалари олиш ҳуқуқига эга беморлар рўйхатини аниқлашга доир нормаларни қолдириш лозим. Зеро, бу аҳолининг ижтимоий муҳофазасини самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган, қалбакилаштирилган ва рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилишни тақиқлашга доир қоиданинг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Йиғилиш қатнашчилари ўртасида қонун лойиҳасидаги дори воситалари рекламасига оид норма ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Хусусан, Демократик кучлар блоки томонидан дори воситалари рекламаси маъқулланди. Мухолифатдаги ЎзХДП фракцияси аъзолари эса, аксинча, дори воситалари рекламасини чеклаш зарур, деган қарашни илгари суриб, бунинг боисини шифокор маслаҳатисиз қабул қилинадиган препаратлар баъзи ҳолларда инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкинлиги билан изоҳлашди.
Қонун лойиҳасининг қизғин баҳслар руҳида батафсил муҳокама этилиши келажакда уни янада маромига етказиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган самарали механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Якунда таклиф ва тавсиялар тайёрланиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn