Дэвид Геертс: «Ўзбекистонда эришилган муваффақиятлар танланган тараққиёт йўлининг тўғрилигидан далолат беради»
  • 25 Август 2015

Дэвид Геертс: «Ўзбекистонда эришилган муваффақиятлар танланган тараққиёт йўлининг тўғрилигидан далолат беради»

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири Брюсселда Бельгия парламенти депутати Дэвид Геертс билан мулоқотда бўлди.

У жорий йилнинг баҳорида давлат раҳбари сайловида хорижлик кузатувчи сифатида мамлакатимизга ташриф буюрган эди.
Суҳбат чоғида Бельгия парламенти депутати яқинлашиб келаётган қутлуғ айём билан юртдошларимизни табриклар экан, республикамизнинг суверен ривожланиш йилларида қўлга киритган муваффақиятлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.
— Мен Ўзбекистонни яхши биламан, — деди у. — Мамлакатингизга сафарим чоғида ўсувчан ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг гувоҳи бўлган эдим. У Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларининг замонавий қиёфасида ҳам яққол аксини топган.
Сиёсий ислоҳотларнинг босқичма-босқич ўтказилиши натижасида мамлакатда бугунги кунда қонунчилик ҳокимиятининг ваколатлари мустаҳкамланди, фуқаролик институтлари фаол ривожланмоқда, уларнинг республика ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ошаяпти. Буларнинг барчаси танлаб олинган тараққиёт йўлининг тўғри эканлигидан далолат беради.
Нафақат парламент аъзоси, балки Хейст-оп-ден-Берг шаҳри мэрининг ўринбосари сифатида ҳам мамлакатингизнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш институтларини ривожлантириш тажрибасидан, хусусан, маҳалла органи фаолиятидан катта таассуротлар орттирганман. Менимча, бу замонавий демократиянинг ноёб намуналаридан биридир. Миллий урф-одатлар ҳамда анъаналарни асраш ва уларни равнақ топтириш, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ҳамда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, ўз бизнесини бошлаётган тадбиркорларга кўмак кўрсатилишида маҳалла институтининг тутган ўрни диққатга сазовордир.
Давом этаётган иқтисодий инқироз асоратлари Европа мамлакатларида ўз таъсирини ҳамон кўрсатиб турган бир пайтда Ўзбекистонда эришилган макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиёт ўсиши юқори суръатларининг изчиллиги таъминланаётгани тўғри танланган иқтисодий моделнинг ҳаётийлигидан далолат беради. Республикада жозибали сармоявий муҳитни яратиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш мамлакат иқтисодий тараққиётига ҳамда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши ўртача 7-8 фоиз бўлишини сақлаб қолишга кўмаклашмоқда, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистонда кекса авлод вакилларига алоҳида ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани ҳам эътиборни тортади. Бу нафақат маданий анъаналарда, балки давлатнинг бугунги ташаббусларида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Қабул қилинган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури бу фикрни тасдиқлайди. Ушбу дастурда ижтимоий, нафақа ҳамда тиббий хизматларни такомиллаштириш орқали кекса авлод вакилларининг турмуш даражасини янада фаровонлаштириш кўзда тутилганлиги, айниқса, ибратлидир.
Мен Ўзбекистонда таълим соҳасини, ижодий ва ижтимоий жиҳатдан фаол ҳамда юқори касб маданиятига эга бўлган ёш кадрларни тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни ҳам юксак баҳолайман. Бунинг натижасида мактаб ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими яхшиланиб, мазкур соҳадаги энг юқори замонавий талабларга тўла жавоб бермоқда.
Таълимга йўналтирилган сармоя келажак учун қўйилган энг самарали сармоя саналади. Негаки, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг ривожланиш истиқболларини ҳамда келгуси тараққиётини белгилаб беради.
Ўзбекистонга сафарим доирасида кўпгина ёш тадбиркорларни кўрдим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, давлатнинг таълим соҳасига қаратган эътибори ва саъй-ҳаракатлари ҳозирнинг ўзидаёқ ижобий самараларини намоён этмоқда.
Суҳбатимиз сўнгида мамлакатингизга тараққиёт ва фаровонлик йўлида янгидан-янги муваффақиятлар тилашни истардим. Бундай ёндашув мавжуд экан, келгуси йили мамлакатингиз давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамини янада катта зафарлар билан қарши олишига ишончим комил.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn