Аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида
  • 22 Август 2015

Аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Демократик кучлар блокининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Президентимиз шу йил 23 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламентдаги баҳс-мунозаралар, ғоя ва дастурлар, муқобил қонун лойиҳалари ўртасидаги рақобат энг муҳим, принципиал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолар бўйича ҳақиқий профессионал асосда амалга оширилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Маълумки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзоларини бирлаштирган Демократик кучлар блоки мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш ва уларга доир позицияни шакллантириш мақсадида тузилган.
Йиғилишда иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди.
Эътироф этилганидек, юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириб, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашда беқиёс ўрин тутмоқда. Амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар аҳолини сифатли, кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилгани билан муҳимдир.
Йиғилиш иштирокчилари дори воситалари муомаласи ва фармацевтика соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг тиббиётда самарали қўлланилишини таъминлаш, аҳолига дори воситаларини етказишга қаратилган ушбу қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши долзарб аҳамиятга эга эканлигини қайд этдилар.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг таклифлари инобатга олинди. Хусусан, ҳукуматнинг дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, аҳолини хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлаш, биринчи навбатдаги эҳтиёжларини қондириш борасидаги ваколатлари аниқлаштирилди.
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси қошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан фракциялар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг экспертлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари фикрлари ўрганилди.
Демократик кучлар блоки қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, ўз навбатида, партиялар электорати манфаатлари ва ўз сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, алоҳида қоидаларни янада маромига етказишга доир таклифларни илгари сурди.
— Қонун лойиҳаси аҳоли соғлиғини сақлаш, фармацевтика саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Ш. Қулматов. — Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш лозим. Шу муносабат билан биз лойиҳанинг айрим моддалари бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқдик. Жумладан, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана савдосига доир ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида бундай маҳсулотлар чакана савдосига доир меъёрларни аниқлаштиришни таклиф этдик. Муҳими, чакана савдо дори воситаларининг яроқлилик муддати, сақлаш шароитлари ва сотиш тартибига доир қоидаларга мувофиқ равишда амалга оширилиши лозим.
Йиғилишда Демократик кучлар блоки томонидан қонун лойиҳасига дори воситаларининг ноқонуний муомаласи, уларни қалбакилаштириш ва сифатсиз тиббий буюмлар сотилишининг олдини олишни назарда тутувчи меъёрни киритиш таклиф этилди. Бу фуқаролар саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, депутатлар томонидан дорихоналарнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини янада аниқ белгилаш ва уни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига мувофиқлаштириш лозимлиги айтилди. Бу тадбиркорлик субъектларига қонунчилик доирасида дори воситалари савдоси билан шуғулланиш имкониятини янада кенгайтиради.
Йиғилиш иштирокчилари фикрича, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, жамият ҳаётида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили бўлган соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.  
Тадбирда қонун лойиҳасини маромига етказишга доир бошқа таклифлар ҳам илгари сурилди.
Йиғилиш якунида Демократик кучлар блоки позицияси шакллантирилди ҳамда тегишли тавсияларни масъул қўмитага тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn