Ҳаракат хавфсизлиги ва масъулият
  • 19 Август 2015

Ҳаракат хавфсизлиги ва масъулият

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги ишларни янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, соҳа қонунчилиги замон талаблари асосида изчил такомиллаштириб борилаётир.

Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мухбиримиз ушбу янгиликлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ билан суҳбатлашди.
— Бугунги тезкор даврнинг ўзи мазкур Қонун ҳужжатини ишлаб чиқишни тақозо этди, — дейди Холматжон Аҳмедович. — Гап шундаки, истиқлол туфайли кўчаларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилган машиналар билан тобора гавжумлашиб бормоқда. Табиийки, транспорт воситалари сони ўсишига мос равишда ҳаракат хавфсизлиги чораларини кучайтириш, энг муҳими, юртдошларимизнинг соғлиғи ва мол-мулкини асраб-авайлаш янада долзарб аҳамият касб этаяпти.
Маълумки, йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ турли кўнгилсизликларга сабаб бўладиган асосий омил, бу — белгиланган тезлик талабига  риоя этмаслик ҳисобланади. Таҳлилларга кўра, биргина 2014 йилда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 35,3 фоизи айнан шу турдаги қоидабузарлик оқибатида юз берган. Бундан кўринадики, бу борадаги ишларимизни тубдан ўзгартириш, соҳага замонавий техник воситаларни жалб этиш айни заруратдир. Шундан келиб чиқиб, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда замонавий техника воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу амалда яхши самара бераётир. Масалан, “Крис-П”, “Арена”, “Искра видео-2” каби фоторадар ва мобиль комплекслари қўлланилиши натижасида сўнгги 5 йил мобайнида йўл-транспорт ҳодисалари сони сезиларли даражада камайди.
Айни кунларда Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашнинг компьютерлаштирилган бошқарув тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу тизим, биринчи навбатда, светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаган ҳамда белгиланган тезлик талабларига риоя этмаган транспорт воситасини автоматик равишда қайд этади.
Тизимда амалга оширилаётган ана шундай янгиланишлардан келиб чиқиб, амалдаги норматив ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, автоматлаштирилган фото ва видеотехника воситалари орқали қоидабузарликлар аниқланганда, ҳуқуқбузарлик такрорийлиги ҳисобга олинмаслиги белгиланди. Айни чоғда транспорт воситалари ҳайдовчилари белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан оширган ҳолларда, энг кам иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солиш тартиби жорий қилинди, жарима солиш ваколати давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мансабдор шахсларига юклатилди. Илгарилари эса жазо чорасини қўллаш судлар томонидан амалга оширилар эди.

— Йўл ҳаракати иштирокчилари билиши керак бўлган муҳим янгиликлар нималардан иборат?
— Аввало, автоматлаштирилган бошқарув тизими йўл ҳаракати қоидаси бузилган жой, вақт ва транспорт воситаси давлат рақами белгисини қайд этади. Аммо ушбу тизим айнан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш имконига эга эмас. Чунки битта транспорт воситасини бир нечта шахс (ишончнома, ижара шартномаси, лизинг асосида) бошқариши мумкин. Бу эса қоидабузарликни содир этган шахсни аниқлашни чигаллаштириш билан бирга, жавобгарлик муқаррарлиги принципи таъминланишига салбий таъсир ўтказади. Шу сабабдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳуқуқбузарликда иштирок этган транспорт воситаси эгасини маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи янги модда билан тўлдирилди.
Агар транспорт воситаси эгасининг айбсизлиги исботланса ёки уни бошқа шахс ноқонуний ҳолда бошқаргани аниқланса, автоулов эгасини жавобгарликдан озод этиш ҳам кўзда тутилган.
Яна бир янгилик шуки, автоматлаштирилган тизим марказлашган ҳолда, он-лайн режимида ишлашидан келиб чиқиб, қоидабузарликни расмийлаштириш янги тартибда амалга оширилади. Дастлаб маъмурий баённома расмийлаштирмасдан давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мансабдор шахсининг электрон имзоси билан тасдиқланган жарима солиш тўғрисидаги қарор нусхаси 3 кунлик муддат ичида транспорт воситаси эгаси номига юборилади. Бунда автоматлаштирилган тизим орқали олинган маълумотлар маъмурий иш бўйича далил сифатида қабул қилиниши назарда тутилган.
Шунингдек, йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳуқуқбузарнинг жаримани ихтиёрий тўлаш муддати шу тўғрисида қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кун эканлигини назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Ҳуқуқбузар ушбу муддатда жаримани тўлашдан бош тортган ҳолда, тизим ходимлари томонидан транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилади ҳамда жарима тўлиқ тўланмагунга қадар автомобиль ўша ерда ушлаб турилади. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларига ана шундай ваколат берилди.

— Кўпинча қоидабузарлар ўз хатти-ҳаракатларини яширишга уринишади. Яъни давлат рақами белгисини турли йўллар билан беркитишга ҳамда кўринишини чеклашга ҳаракат қилади. Бу ривожланган давлатларда ҳам тез-тез кузатилади. Хўш, ушбу ҳолат янги Қонунда қай даражада инобатга олинган?
— Албатта, бундай ҳолатлар ҳам янги Қонунда кўзда тутилган. Давлат рақами белгилари кўринишини чеклайдиган ёки уларни тўғри идрок этишга халал берадиган нарса ва қопламалар ўрнатганлик учун жавобгарлик белгиланди. Унга кўра, ушбу воситалар  мусодара  қилинади, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса беш баравари миқдорида жарима солиш ҳамда транспорт воситасини маъмурий иш кўриб чиқилгунгача ушлаб туриш назарда тутилган.
Маълумки, Кодексда маъмурий жазо (жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ) ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб икки ойдан кечиктирилмай қўлланилиши назарда тутилган. Шу муддат ўтгандан сўнг маъмурий иш тўхтатилиши лозим. Аммо автоматлаштирилган бошқарув тизими асосида қоидабузарлик содир этган шахсни аниқлаш, иш ҳужжатларини бошқа ҳудудга юбориш ҳамда уларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш муддати чўзилиши ҳисобига белгиланган муддат ўтиб кетиши, натижада маъмурий иш тугатилиб, айбдор жазодан қутулиб қолиши мумкин.
Қонун ижодкорлиги жараёнида ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида АҚШ, Германия, Франция, Япония каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Уларда маъмурий жазони қўллаш муддати ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 1 йилдан 3 йилгача экани, шу орқали айб учун жазо муқаррарлиги принципи тўла таъминлаб келинаётгани маълум бўлди. Шу асосда Кодекснинг 36-моддасида маъмурий жазони қўллаш муддати бир йил қилиб белгиланди.
Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ёки асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилган транспорт воситаси эгасини жавобгарликдан озод этиш ва қоидабузарни умумий асосларда жавобгарликка тортиш мақсадида амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартишлар киритилди.
Умуман, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2 та янги модда билан тўлдирилди ҳамда 13 та модда янги таҳрирда баён этилди. Буларнинг барчаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг соғлиғи ва мол-мулкини асраб-авайлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn