Найтхарт ХЁФЕР-ВИССИНГ: Ўзбекистон барқарор ва изчил ривожланаётган давлат
  • 19 Август 2015

Найтхарт ХЁФЕР-ВИССИНГ: Ўзбекистон барқарор ва изчил ривожланаётган давлат

Германия Федератив Республикаси Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шерикларидан бири. 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилгач, мамлакатларимиз ўртасида олий даражада сиёсий мулоқот йўлга қўйилди, ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базаси яратилди. Барча соҳада ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт ХЁФЕР-ВИССИНГ ЎзА мухбирига мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
— Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлидан дадил бормоқда, ўзини барқарор ва изчил ривожланиб бораётган давлат сифатида намоён этмоқда. Мамлакат иқтисодиёти равнақ топиб, аҳоли фаровонлиги юксалмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузига эга бўлди.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунларидан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда.
Германия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим савдо шерикларидан биридир. Ўзаро ҳамкорликнинг иқтисодий имкониятлари катта истиқболга эга.  Ўзбекистонда фаолият юритаётган Германия компаниялари ўз соҳаларида юқори самарадорликка эришмоқда. «MAN», «CLAAS», «Lemken», «Knauf» каби компаниялар фаолиятига юқори баҳо бераётгани учун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдан ғоят миннатдормиз.
Кичик ва ўрта корхоналар Германия иқтисодиёти муваффақиятининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда ҳам иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланиш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва бошқа ҳужжатлар ушбу долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Президентининг мазкур Фармонида баён этилган вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасидаги савдо муносабатларини янада ривожлантириш ва Германия ишбилармон доиралари сармоялари ҳажмини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади.
Германия Ўзбекистоннинг мамлакатни янада демократлаштириш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар бу борадаги муҳим йўналишлардан биридир. Германия Ўзбекистон билан жамиятни демократлаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда. Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар фаолияти бунга мисол бўла олади.
Ўзбекистон билан Германия халқаро сиёсат, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътиборга моликдир. Мамлакатингиз Шарқ ва ўарбни боғлаб турувчи бўғин сифатида халқаро муносабатларда бундан буён ҳам муҳим ўрин тутади.
Германия таълим ва маданият соҳаларида ҳам Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Илм-фан соҳасидаги яқин алоқалар ҳар икки мамлакат учун манфаатлидир.
Тошкентда фаолият юритаётган Гёте институтининг муҳим мақсадларидан бири маданият ва таълим соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Ўзбекистонлик шериклар билан биргаликда турли тадбирлар, хусусан, конференция, семинар ва концертлар ўтказилмоқда. Институт ўз фаолияти доирасида мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртларида немис тилини ўқитишни қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида меҳмондўст ва кўнгли очиқ халқингизга бахт-саодат, барча соҳада муваффақиятлар тилайман.

ЎзА мухбири
Сардор ТОЖИЕВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn