СУНЬ Лицзе: «Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик — бутун дунёнинг ҳавасини келтираётган муваффақиятлар асосидир»
  • 18 Август 2015

СУНЬ Лицзе: «Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик — бутун дунёнинг ҳавасини келтираётган муваффақиятлар асосидир»

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг ҳамкорлик янада жадал ривожланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллиги байрами муносабати билан ЎзА мухбири Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси СУНЬ Лицзе билан суҳбатлашди.

— Жаноб элчи, суҳбатимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ўтмоқда. Мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон — буюк ва ғоят гўзал мамлакат. Мен буни сиздан кўра яхшироқ ҳис қиламан, десам, адашмайман, негаки, мамлакатингизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар сизлар учун одатий ҳолга айланган. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда изчил ва самарали ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдаман. Жамиятни янада демократлаштириш мақсадида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат юксак натижалар бермоқда.
Демократик тараққиёт йўлидан ишонч билан бораётган Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.  Мамлакатингизнинг иқтисодий ривожланиш суръатларига ҳавас қилса, арзийди. Бутун мамлакат бўйлаб маҳобатли иморатлар, замонавий инфратузилма иншоотлари барпо этилаётгани Ўзбекистоннинг қудрати ва салоҳиятидан далолат беради. Айни пайтда турли давлатлар иқтисодиётида юзага келаётган муаммолар мамлакатингиз танлаган бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш йўли, тараққиётнинг «ўзбек модели» нақадар ҳаётий ва самарадор эканини яна бир карра тасдиқлайди. Ўзбекистон мустақилликка эришганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо мана шу қисқа муддатда мамлакатингизда барча соҳаларда ҳавас қиларли ютуқ ва марраларга эришилди. Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш стратегияси бошқа давлатлар учун намуна бўла оладиган кўплаб жиҳатларга эга. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган оқилона сиёсат Ўзбекистон халқи қўлга киритаётган ютуқларнинг муҳим омилидир.
Ўзбекистон банк-молия муассасалари, инфратузилма, инвестициялар ва туризм соҳаларини ривожлантириш борасида улкан салоҳият ва имкониятларга эга эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Банк-молия тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган туб ислоҳотлар самарасида мамлакатингизнинг ташқи иқтисодий муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб бораётир. Сўнгги йилларда жаҳондаги етакчи рейтинг компаниялари Ўзбекистон банк тизими фаолиятини «Барқарор» деб баҳоламоқда. Айнан шу омил Президент Ислом Каримовнинг зукко ва билимдон иқтисодчи, буюк раҳнамо эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон бу борада ҳам улкан илмий-интеллектуал салоҳиятга эга. Саноатни юксалтириш, ресурсларни тежаш, маҳаллий хом ашёдан кенг фойдаланиш, маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, экспортни кенгайтиришда инновацион технология ва ишланмалардан самарали фойдаланилмоқда.
Ўзбекистонда ҳар йили давлат бюджетининг катта қисми ўқув муассасалари барпо этиш, таълим олиш шароитлари ва сифатини яхшилаш, таълим тизимини ислоҳ қилиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этишга йўналтирилаётгани эътиборга сазовордир. Бу, ўз навбатида, таълим самарадорлигини ошириш ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаёт, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳити Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ва бутун дунёда ҳавас уйғотаётган улкан муваффақиятлар асосидир. Ўзбекистон фуқаролари тарихан қисқа вақт ичида эришилган оламшумул ютуқлар билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

— Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, унинг истиқболлари ҳақида нима дея оласиз? Сизнингча, ўзаро ҳамкорликнинг қайси йўналишлари устувор ҳисобланади?     
— Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон Республикасини ишончли шерик, деб билади. Сўнгги йилларда Хитой — Ўзбекистон муносабатлари янада кенгайиб, юксак стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Сиёсий музокараларни фаоллаштириш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий, гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш ўзаро муносабатларимизнинг устувор йўналишларидир. Ҳамкорлигимиз анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳида, икки томонлама манфаатдорлик асосида изчил ривожланмоқда. Хитой ва Ўзбекистон раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил август ойида Хитойга давлат ташрифи стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришда янги босқич бўлди. Ушбу ташриф доирасида умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар бўйича йигирмадан зиёд ҳужжат, шунингдек, 800 миллион долларлик савдо шартномалари имзоланди. Шу тариқа 6 миллиард долларга тенг келишувларга эришилди. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг июль ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа саммити доирасида ҳам учрашди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация ҳамда бошқа кўплаб муҳим ҳужжатлар асосида жадал ривожланиб бораётир.
Хитой билан Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида катта имкониятларга эга. Томонлар «ўзаро манфаатдорлик ва умумий муваффақият» тамойилига амал қилган ҳолда, ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтирмоқда. Бунинг самарасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми кейинги 6 йилда 3 баробар кўпайгани алоҳида эътиборга сазовор.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Хитойлик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда, инвестиция киритиш ва янги қўшма корхоналар ташкил этишни режалаштирмоқда. Бугун Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторидир ва бу ҳар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилмоқда.
Хитой Ўзбекистондаги барқарор ривожланиш суръатларини юксак баҳолайди ҳамда иқтисодиётнинг юқори технологияли янги тармоқларини ташкил этиш ва ривожлантириш, саноат корхоналарини модернизация қилиш, технологик қайта жиҳозлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Ҳамкорлигимиз кўлами ёқилғи-энергетика соҳасида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Марказий Осиё — Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтиши юксак даражадаги ишонч ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой Халқ Республикасига узлуксиз табиий газ етказиб беришни таъминлайдиган ушбу газ қувурини барпо этиш ва ишга тушириш ҳар икки мамлакат учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Ангрен — Поп темир йўли, жумладан, Марказий Осиёдаги энг узун — 19,2 километрлик темир йўл туннели қурилиши коммуникация соҳасидаги муҳим лойиҳа ҳисобланади. 2013 йилнинг июлида бошланган мазкур туннель қурилиши жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Туннель Ангрен — Поп темир йўл линиясини электрлаштириш борасидаги муҳим лойиҳа бўлиб, бу Ўзбекистон инфратузилмасини модернизация қилишда катта аҳамиятга эга ва умуман, минтақада транспорт логистикасини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда мамлакатларимиз учун ўзига хос платформа бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида ҳам жадал ривожланмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкент ва Самарқандда Конфуций институтининг ташкил этилгани бу борадаги ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётганидан далолат беради. 2010 йилнинг июнь ойида Хитой миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўлими очилди. 2012/2013 ўқув йилидан Пекин хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилди. Ўзбекистонда хитой тили ва адабиётига, Хитойда эса ўзбек тили, маданияти, урф-одатлари ва умуман, мамлакатингизга қизиқиш ортиб бормоқда. Шу боис таълим соҳасида, хусусан,   ўзбек ва хитой тилларини ўрганиш доирасида талабалар ва стажёрлар алмашинуви кенгаймоқда.     
Икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Хитой ҳамда Ўзбекистонда ўтказилаётган турли кўргазма ва маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Шанхай ва Тошкент, Сиань ва Самарқанд, Шэньси провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилганини таъкидлаш ўринлидир. Бу икки мамлакат ҳудудларининг тўғридан-тўғри алоқалари изчил  ривожланиб бораётганидан далолат беради.
«Ўзбекистон — Хитой» ва «Хитой Халқ Республикаси — Марказий Осиё мамлакатлари» дўстлик жамиятлари ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Хитой билан Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Хитой халқаро туризм ярмаркаларида мунтазам намойиш этиб келинмоқда. Хитойликлар ҳар қандай сайёҳ истагига жавоб берадиган ноёб тарихий ёдгорликлар, юксак сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларига эга Ўзбекистон билан яқиндан танишишни истайди.
Хитой ҳукумати Ўзбекистоннинг миллий ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ҳам, ўз навбатида, Хитой халқига ёрдам беришга  тайёр. Томонлар анъанавий дўстликни қадрлайди, ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади.

— Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятига қандай баҳо берасиз?
— Кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани самарасида мамлакатингизнинг экспорт салоҳияти тобора юксалиб, бу ерда тайёрланаётган  маҳсулотлар жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бугун Ўзбекистон корхоналари ташқи бозорга деярли барча турдаги товарларни етказиб бераётгани қувонарлидир. Халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли ушбу маҳсулотлар хорижий истеъмолчиларга манзур бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон автомобиллари дунёнинг ўндан зиёд давлатига экспорт қилинаётир. Ўзбек автомобиллари юқори техник хусусиятлари ва замонавий дизайни билан харидорлар ишончини қозониб, бутун дунёга мамлакатингизнинг улкан иқтисодий салоҳиятини намойиш этмоқда.
Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари хорижда, хусусан, Хитойда ўтказилаётган йирик халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиб, ўз маҳсулотларининг экспорт кўламини кенгайтиришда муваффақиятларга эришмоқда.
Мамлакатингизда ташкил этилган «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Жиззах» ва «Ангрен» махсус индустриал зоналари экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари ташкил этиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қулай шароит ва кенг имкониятлар яратмоқда.
Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон халқининг фидокорона меҳнати, мамлакатингизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик самарасидир. Бу эса Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига фахр-ифтихор бағишлайди.

— Яқинда Самарқандда бўлиб ўтадиган «Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивали ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз. Ушбу мусиқа форумида Хитойдан иштирок этадиган санъаткорлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Мусиқа кайфиятни кўтариб, инсонни хайрли ишлар қилишга ундайди. Шунингдек, мусиқа ҳар бир миллатнинг ўзига хос хусусиятларини ифода этиб, турли халқларни бирлаштиришга, уларнинг анъана ва урф-одатларини ўрганишга хизмат қилади. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали қадимий анъаналар ва шарқона фалсафани ифода этадиган, киши қалбини ром қиладиган, унинг маънавий дунёсини бойитадиган дилрабо ва жозибали куй-қўшиқлар ижро этиладиган ўзига хос ноёб саҳнадир. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу халқаро форум халқлар ўртасида маданий алоқаларни ривожлантириш, тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хитойлик санъаткорлар ушбу фестивалда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жорий йилда Цзянсу провинциясидан хотин-қизлар халқ мусиқа оркестри қатнашади. Улар ўз маҳоратини муваффақиятли намойиш этишига ишонаман. Бундан ташқари, Хитой миллатлар марказий университети ходимлари фестиваль доирасида ўтказиладиган «Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги» мавзуидаги илмий конференцияда иштирок этади.
Нуфузи тобора ортиб бораётган «Шарқ тароналари» фестивалининг Ер юзидаги энг қадимий шаҳарлардан бири — ҳар қаричида шарқона жозибадорлик сезилиб турадиган афсонавий Самарқанд шаҳрида ўтаётгани унга ўзига хос руҳ бағишламоқда. Ҳақли равишда Ер юзининг сайқали ва Шарқ гавҳари деб ном олган ушбу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар бетакрор гўзаллиги ва маҳобати билан азалдан эътиборни ўзига жалб қилиб келган.
Қарийб уч минг йиллик шонли тарихга эга Самарқанд маҳобатли архитектура ёдгорликлари, мовий гумбазлари, бетакрор шарқона қиёфаси билан бугун ҳам бутун дунёдан келган сайёҳлар ва меҳмонлар эътиборини тортмоқда. Ушбу ажойиб шаҳар ҳар қандай инсонни мафтун эта олади. Бу ерда бир марта бўлган киши уни ҳеч қачон унутмайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этаман. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт суръатларининг изчил ўсиши, меҳнатсевар ва меҳмондўст халқингиз барча соҳаларда улкан ютуқларга эришишини тилайман. Фаровонлик, куч-қудрат, тинчлик ва хотиржамлик Ўзбекистонни ҳеч қачон тарк этмасин.  

ЎзА мухбири
Ирода УМАРОВА
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn