Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш гарови
  • 18 Август 2015

Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш гарови

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Тарихан қисқа ушбу даврда барча соҳада бемисл ўзгаришлар, янгиланишлар рўёбга чиқарилди.

Инсон омили устуворлигига қаратилган ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилиб, давлат ва жамият ҳаётида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Бугунги кунда ривожланиш стратегиясининг салмоқли натижалари бир пайтлар қолоқ аграр республика бўлган мамлакатнинг ўз мустақил тараққиёт йўлини тўғри танлаганидан далолат бераяпти. Буни мустақиллик йилларида шаклланган ҳамда изчил такомиллашиб бораётган фермерлик ҳаракати мисолида ҳам кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, миллий иқтисодиётимиз ривожида муҳим ўрин тутаётган фермерлик ҳаракати замон билан ҳамоҳанг равнақ топиб бораяпти. Бинобарин, фермерларимиз юртимиз аҳолисининг катта қисми истиқомат қиладиган қишлоқ жойларда турмуш сифати ва даражасини оширишга, ижтимоий инфратузилмани тараққий топтиришга муносиб улуш қўшмоқда, ғалла ва пахта хом ашёси етиштириш билан кифояланибгина қолмай, кўп тармоқли хўжаликларни ташкил этишда, олис, чекка ҳудудларда саноатни йўлга қўйиб, аҳоли бандлигини таъминлашда, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар билан кириб боришда намуна бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, фермер хўжаликларимиз бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нафақат 90-92 фоизини ишлаб чиқармоқда, балки қишлоқ тараққиётини ўз зиммасига олган ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бормоқда. Халқимиз дастурхонининг ушбу ноз-неъматлар билан тўкинлиги фермерларимизнинг омилкорлиги, эл-юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини ҳамда мулкдорлик масъулиятини чуқур англаб етган ҳолда бир парча ердан ҳам унумли ва оқилона фойдаланишга интилаётгани билан бевосита боғлиқдир.
Ҳозирги кунда юртимиз фермер хўжаликлари орасида ерни ҳақиқий даромад манбаига айлантириб, наинки деҳқончилик, балки қишлоқ хўжалигининг бир неча тармоқларини йўлга қўйган, иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга ортаётган, бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги сезилаётган бир шароитда гўшт, сут ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватларини ишга туширган мулкдорлар сафи тобора кенгаймоқда. Пировардида аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган одамларнинг турмуши тобора яхшиланиб бораяпти.
Айтиш ўринлики, парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунлар, хусусан, фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир мустаҳкам ҳуқуқий базанинг яратилиши аграр секторни барқарор ривожлантиришда, шу жумладан, фермер хўжаликларининг иқтисодиётдаги ролини оширишда муҳим омил бўлаётир. Жумладан, ўтган даврда Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда бошқа шу каби қонунларнинг қабул қилиниши соҳа тараққиётини таъминламоқда. Фермерликнинг мамлакатимиз, айниқса, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги роли ва аҳамиятидан келиб чиқиб, уларнинг мақоми ҳамда имкониятлари янада кенгайтирилди. Натижада фермерларимиз нафақат аграр соҳада, айни пайтда қайта ишлаш тармоғида, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда фаол қатнашмоқдалар.
Энг муҳими, юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг бугунги талаблари асосида мазкур жараён изчил давом эттирилаяпти. Бугунги кунда парламент қуйи палатасида амалдаги қонунларга фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини янада кенгайтириш, асаларичилик ва балиқчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид қўшимча ҳамда ўзгартишлар киритиш устида иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур таҳлил қилиш, қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтириш, фермерлик ҳаракати ривожига халақит бераётган тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш мақсадида ўз олдимизга аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда фермерлар манфаатларини ҳимоялашга қаратилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асосларни яратиш бўйича кўпгина ишлар бажарилди ва бажарилаяпти. Қишлоқ мулкдорларига эркин ҳамда самарали фаолият юритиши учун кенг имконияту имтиёзлар берилаяпти. Бу борадаги ислоҳотларнинг давомийлиги ва ҳаётийлиги эса, ҳеч шубҳасиз, фермерлик ҳаракатининг янада равнақ топишини кафолатлайди.

Комилжон ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn