Бернадет Рейнженс: «Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бундан ҳам юксак чўққиларини забт этади»
  • 12 Август 2015

Бернадет Рейнженс: «Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бундан ҳам юксак чўққиларини забт этади»

Илгари хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида хорижий мамлакатлар жамоатчилиги вакиллари юртимиз аҳлини ушбу қутлуғ сана муносабати билан чил дилдан табриклашмоқда.

Улар Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йиллари давомида қўлга киритган муваффақиятларига юқори баҳо бермоқда. Бу эса мамлакатимиз танлаган тараққиёт йўлининг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан ҳамда жаҳон ҳамжамиятида ислоҳотларнинг “ўзбек модели”га нисбатан қизиқишнинг катта эканлигидан далолат беради.
Жумладан, Бельгияда нашр этиладиган “Diplomatic World” журнали бош муҳаррири Бернадет Рейнженс “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди:
— Ўзбекистон кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш йўлида салмоқли тараққиётга эришди. Тарихан қисқа давр ичида ўзбек халқи ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар рўй берди. Мустақиллик шарофати билан республика ўз тараққиёти йўлида ниҳоятда катта қадамларни ташлади. Мамлакатда улкан ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар амалга оширилди, демократик ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда, жамият ҳаётининг барча соҳасида либераллашув ва модернизациялаш жараёнлари давом этаяпти. 
Мен ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакатингизга биринчи маротаба бордим. Шуни қайд этишни истардимки, Ўзбекистонда суверен ривожланиш йиллари давомида демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо қилиш йўлида катта яратувчанлик ишлари амалга оширилибди.
Мамлакатингиз аҳолиси 24 йил мобайнида эришилган муваффақиятлар, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларнинг натижалари ҳамда институционал ўзгаришлар билан ҳақли равишда фахрланса арзийди. Албатта, ҳали олдинда кўп ишлар турибди. Бироқ юртингиз улкан салоҳиятга эга бўлгани боис республика бундан-да катта тараққиёт ва фаровонликка эришишига асло шубҳа қилмайман.
Ўзбекистон, унинг тарихи, бой маданияти ва анъаналарига ошуфта бўлиб қолганман. Самарқандга сафар қилганимда нафақат ўзбек халқининг, балки бутун жаҳон цивилизациясининг фахри ҳисобланадиган бу афсонавий шаҳарни ўз кўзим билан кўрганимдан катта қониқиш ҳиссини туйдим.
Мамлакатингизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан буён бой тарихий меросни ўрганиш ва қайта тиклаш, уни келгуси авлодлар учун авайлаб асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мен юртингизда бўлган кунларим Ўрта асрнинг буюк алломалари, жумладан, бутун дунёга машҳур, буюк олим ва мутафаккир Мирзо Улуғбек яшаб ижод қилган юрт билан яқиндан танишганимдан беҳад қувондим.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги байрами арафасида ўзбек халқига, шу жумладан, диёрингиз бўйлаб сафарим чоғида танишишга муяссар бўлган дўстларимга ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этишни истар эдим. Ишончим комилки, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бундан ҳам юксак чўққиларини забт этади.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn