Экологик барқарорликнинг муҳим омили
  • 12 Август 2015

Экологик барқарорликнинг муҳим омили

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Шу асосда собиқ совет тузумидан мерос бўлиб қолган табиат қонунларини қўпол равишда бузиш, унга беписандлик билан қараш мафкурасига барҳам берилди. Айни чоғда Ўзбекистон мазкур соҳада халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида минтақада экологик барқарорликни таъминлаш борасида етакчилик қилиб, қатор ҳаётий ташаббусларни илгари суриб келаяпти.
Шуларга ҳамоҳангликда юртимизда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий  ҳаракатлар режаси, Атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракатлар режаси, Биохилма-хилликни сақлаш миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси, Чўлланиш ва қурғоқчилик билан курашиш бўйича  миллий ҳаракатлар режаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бинобарин, бой табиий ресурсларни сақлаш, кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.  Шу билан бирга, мазкур соҳада жаҳон андозаларига тўла мос келадиган қонунчилик базаси шакллантирилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича 30 дан зиёд янги қонунлар қабул қилинди. Жумладан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасини янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. 
Таъкидлаш лозимки, экологик хавфсизлик муаммолари аллақачон миллий ва минтақавий доирадан чиқиб, бутун инсониятнинг умумий муаммосига айлангани Президентимиз томонидан Орол фожиаси мисолида яққол кўрсатиб берилди. Унга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди, ушбу муаммони ҳал этиш долзарблиги БМТ Бош Ассамблеяси, нуфузли халқаро ва давлатлараро саммитларда илгари сурилди.
Бунга уйғун тарзда Ўзбекистон ташаббуси билан 1993 йили Марказий Осиё давлатларининг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилди. Бир авлод умри давомида йўқолиб бораётган ушбу денгиз муаммоси ва Оролбўйи аҳолиси генофонди ҳамда саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, экологик ҳолатини барқарорлаштириш бўйича давлатимиз томонидан биргина сўнгги 6-7 йил ичида 2 млрд. АҚШ долларига тенг миқдорда чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.
Ўтган йил октябрь ойида Урганч шаҳрида ташкил этилган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги халқаро конференция бу борада навбатдаги катта воқеа бўлди. Зеро, унда БМТ, ШҲТ, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Ер ости сув ресурсларини баҳолаш халқаро маркази, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ОПЕК каби 24 та нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилот, молия институтлари ҳамкорлигида Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ўнлаб лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди.
Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат ўз натижаларини бермоқда. Чунончи, атмосферага чиқариладиган чиқиндилар миқдори қарийб 2,2 марта, очиқ сув ҳавзаларига оқизиладиган оқовалар ҳажми деярли 2,1 баробар камайди. Собиқ тузум даврида қишлоқ хўжалигида беписандлик билан ишлатилган турли заҳарли кимёвий препаратлардан фойдаланиш буткул тўхтатилди. Қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида фақат сўнгги бир неча йилда 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ерларимизнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ҳосилдорлик бирмунча ошди.
Бу борада давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон экологик ҳаракати тузилгани муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунда у атроф-муҳитни ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритаётган юзлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштирган. Зеро, Конституциямиздa жамоат тaшкилотлaри фaолиятигa доир aсосий принциплaр мустaҳкaмлaб қўйилгaни бaрчa aҳоли қaтлaмлaри мaнфaaтлaрини aкс эттирaдигaн бундaй тaшкилотлaр ривожлaниши учун қулaй шaроит ярaтди, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалиётга кенг жорий этиш, фуқaрoлaримизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисoдий ва экологик фaoллиги ҳамда тафаккурини, мaдaниятини янада oширишни таъминлади.
Яна бир муҳим жиҳати, Экоҳаракатга Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрни берилди. Шу асосда юксак депутатлик минбаридан туриб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсонни экологиянинг хавфли ўзгаришларидан ҳимоялаш каби масалаларни ўртага қўйиш имкони яратилди. Бундай институт дунёнинг деярли бирор мамлакатида учрамайди. Бугун хорижлик кузатувчилар, мутахассислар, кенг жамоатчилик Ўзбекистоннинг мазкур тажрибаси ўрганишга лойиқ, деб таъкидлашмоқда.
Албатта, бу борадаги чора-тадбирлар ва изланишлар бир жойда тўхтаб қолмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи соҳага доир қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси устидан қатъий парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни бош мақсади деб билиб, мазкур жараёнларда ҳар томонлама фаол иштирок этади.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатда маъқулланган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунни маромига етказишда эколог-депутатлар ҳам ўзларининг таклиф-тавсиялари билан фаол қатнашди. Айни пайтда тегишли вазирликлар, ташкилот ва идоралар, мутахассислар билан ҳамкорликда “Энергиянинг қайта тикланадиган манбалари тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларни янада такомиллаштириш бўйича изланишлар давом этаяпти. Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир ҳаракат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахборотини эшитишга тайёргарлик кўрилмоқда. Қатор қонунларнинг ҳудудлардаги ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш ҳам доимий диққат-эътиборда турибди.
Мухтасар айтганда, мустақиллик йилларида ушбу соҳага қаратилаётган юксак эътибор самаралари экологик фаровонликни таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси, келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилаяпти.

Борий АЛИХОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn