Тадбиркорлик ва хусусий мулкнинг мустаҳкам ҳимояси
  • 06 Август 2015

Тадбиркорлик ва хусусий мулкнинг мустаҳкам ҳимояси

Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан иқтисодиётни либераллаштириш, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириб, жадал равнақ топтириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги, хусусий мулк ҳамда хусусий тадбиркорлик ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланиб, мазкур жараён изчил давом эттирилаётир.
Кичик бизнеснинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу соҳанинг саноатдаги улуши 31,4, чакана савдо айланмасида 86,3, пуллик хизматларда 47,6 ва бандликда 77,2 фоизга етди.
Қайд этиш жоизки, тадбиркорлик фаолияти учун яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос мазкур кўрсаткичларни қўлга киритишда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда унга мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги”ги Қонун хусусий мулк ҳамда тадбиркорлик ҳимоясини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимизнинг мазкур Фармони ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Қонун кенг жамоатчилик ўртасида катта акс садо берди.

Мирзоҳид УБАЙДУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Бугун хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик фаолияти давлат мулки билан солиштирилганда, мутлақ устуворликка эга экани ҳеч кимга сир эмас. Хусусий корхоналарда мақсад, шахсий манфаат даражаси, энг асосийси, ишлаб чиқариш ва молиявий фаолият якуни натижасига бўлган масъулият бошқача.
Шунинг учун хусусий шаклдаги корхона давлат шаклидаги мулкка нисбатан самарали ишламоқда. Бинобарин, давлатнинг иқтисодиёт тармоқларидаги иштироки сезиларли тарзда қисқартирилди.
Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, унинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган Қонун ана шу йўналишнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, Қонун давр талаблари, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга тўлиқ жавоб беради, умуман, самарали бизнес юритиш ва иқтисодий ўсиш учун кенг қулайликларни очади.
Ушбу Қонун қоидалари қўмиталарда, партия фракцияларида тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда назорат органлари ва кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Фурқат ҚАЛАНДАРОВ,
тадбиркор:
— Юртимизда тадбиркорлик ривожи учун тақдим этилган кенг имконият, жумладан, имтиёзлар ва преференциялар биз каби ёш ишбилармонларга ўз бизнесини эркин олиб бориш, янги ишлаб чиқариш ҳамда хизматларни ўзлаштириш, иш ўринларини яратиш имконини туғдирмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил май ойидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини янада таъминлашга қаратилган Фармонини катта қувонч билан кутиб олдик. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда ишбилармонлик муҳити ҳамда бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан янги Қонуннинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари Фармонида кўрсатиб ўтилган вазифаларнинг ҳаётдаги амалий ифодасига айланди. Бу қабул қилинаётган қарорлар босқичма-босқичлиги ҳамда улар ижроси самарадорлиги тасдиғидир. Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонундан тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш учун давлат органларига мурожаат қилиш мажбуриятига оид қоида чиқарилмоқда. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференциялар ягона реестри яратилади. Бундай қулайлик бизларга соҳадаги барча ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиш имконини беради.
Мазкур янгиликларнинг қонунчилик даражасида мустаҳкамланиши кичик бизнес ривожини янада жадаллаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини самарали олиб боришимизда муҳим аҳамият касб этади.

Жамшид МАМАРАЖАБОВ,
Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими:
— Сўнгги йилларда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақи, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўймаслик учун зарур шароитлар яратиш бўйича изчил ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда.
Шуларга ҳамоҳанг равишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги Фармонига биноан, хусусий мулк, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Чунончи, жорий йил 1 июлдан микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилмоқда. Мазкур текширувлар фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан олиб борилаяпти.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олади. Шу асосда тадбиркорлик субъектларига текширувлар давомида йўл қўйилган камчиликларни тўғрилаш, фаолияти тўхтатилиши ва тугатилишининг олдини олиш имкони берилмоқда. Бу нормалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилаётгани бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Яна шуни таъкидлаш жоизки, Қонунда тадбиркорнинг моддий аҳволи ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш шароитини инобатга олиб, суд молиявий санкцияни энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган энг кам миқдорнинг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қўллашга ҳақли эканлиги ўз ифодасини топмоқда.
Буларнинг барчаси мазкур соҳа тараққиёти, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашга, назорат органлари масъулиятини кучайтиришга ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn