Расмий ҳужжат сифатида тарқатилди
  • 05 Август 2015

Расмий ҳужжат сифатида тарқатилди

Мамлакатимизда бола манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоясига устувор даражада эътибор қаратилаётганига доир ахборот материали Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 69-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий олти тилида тарқатилган мазкур ҳужжатда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлиги муҳофазаси ва сифатли таълим олиши масалалари Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки кунларидан эътиборан давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келаётгани қайд этилади. Жумладан, “Мамлакатда таълимни тубдан ислоҳ қилиш ҳамда ривожланган давлатлар даражасида кадрлар тайёрлаш тизимини барпо этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган миллий таълим тизимининг ҳуқуқий пойдевори яратилган”.
Шу билан бирга, унда 1994 йили Ўзбекистон “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни ратификациялаштиргани таъкидланади. Мазкур Конвенция мамлакатимизда расман имзоланган халқаро ҳужжатларнинг дастлабкиларидан бири ҳисобланади. Республикада “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Болалар манфаатлари, уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши масалаларига оид қонуний ҳужжатлар халқаро меъёрларга мос келади. “Соғлом она — соғлом бола” миллий модели оналар ва болалар тўғрисида алоҳида ғамхўрликни таъминлаш имконини яратди. Уни ҳаётга татбиқ этиш доирасида “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди”, дея таъкидланади ушбу материалда.
Юқоридагилардан ташқари, унда касалликларни барвақт аниқлаш ва уларни самарали даволаш мақсадида Ўзбекистонда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани ҳам маълум қилинган. “Шунингдек, Ўзбекистонда икки ёшгача бўлган барча болалар бепул эмланаётгани бўғма, полиомиелит, қоқшол сингари касалликларга тўла барҳам бериш имкониятини яратди”.
“Бугунги кунда Ўзбекистон болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the children” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди”, дея таъкидланади мазкур материалда.
Унда мамлакатимиз ёш авлоднинг сифатли таълим олишига катта эътибор қаратаётгани, хусусан, умумий давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилаётган бўлса, унинг ярми таълим ривожига сарфланаётгани қайд этилган. “Республикада “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида мамлакатда ягона узлуксиз таълим тизими жорий қилинган. Ўзбекистонда умумтаълим мактабларидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчиларнинг кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олишидан иборат 12 йиллик таълим мажбурий ҳамда бепулдир”.
Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистонда мусиқа, спорт ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” марказлари, турли йўналишлардаги тўгараклардан иборат қўшимча таълим-тарбия тизими ҳам жорий этилгани жаҳон ҳамжамиятига маълум қилинган. Улар болаларнинг бўш вақтини фойдали ва муайян мақсадга йўналтирилган тарзда ўтказишга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қурилган ва модернизациялаштирилган қарийб 9,5 мингта мактаб ҳамда 1,5 мингта лицей ва коллежларнинг барчаси зарур замонавий жиҳозлар ҳамда дарсликлар билан таъминланган. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — “ИНСЕАД” томонидан 2012 йили ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича дунёда 5-ўринни эгаллади”, дейилади тарқатилган ҳужжатда. Унда, шунингдек, Ўзбекистон 2008 йили Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 182-Конвенциясини, 2009 йили эса “Энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-Конвенциясини ратификация қилгани ва улар амалиётда муваффақиятли қўлланилаётгани ҳам ўз ифодасини топган.
“Бу йўналишда олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги таъминланмоқда. Ана шундай ишларни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раҳбарлиги остида Болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Жамоатчилик органи ҳисобланадиган мазкур кенгаш манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар, касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат бўлиб, у доимий асосда фаолият юритади”, дея таъкидланади ушбу ҳужжатда.

«Жаҳон» АА.
Нью-Йорк

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn