Ли Ук Хон: Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда
  • 05 Август 2015

Ли Ук Хон: Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ишончли стратегик шериклардир. Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар ва муштарак интилишлар самарасида  мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча йўналишларда изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг шу йил 27-29 май кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликка оид 60 ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан ЎзА мухбири Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хон билан суҳбатлашди.

— Жаноб элчи, суҳбатимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ўтмоқда. Мамлакатимизда истиқлол йилларида турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз. 
— Географик жиҳатдан қулай жойлашган Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасида муҳим боғловчи бўғин бўлиб, улкан иқтисодий салоҳият, малакали кадрлар, ишлаб чиқариш қувватларига эга ва табиий ресурсларга бой давлатдир.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда барча жабҳалар — сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг самарасида мамлакатда барқарорлик таъминланмоқда, бозор иқтисодиёти ривожланмоқда, саноат жадал тараққий этиб, аҳоли ҳаёт даражаси тобора юксалмоқда.
Иқтисодий соҳа ҳақида гапирганда шуни таъкидлаш керакки, саноат, инфратузилма ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурнинг муваффақиятли амалга оширилаётгани самарасида Ўзбекистон тайёр маҳсулотлар экспорт қиладиган мамлакатга айланмоқда. «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» индустриал зоналарининг ташкил этилгани натижасида хорижий инвестициялар оқими кўпайди, саноатда ишлаб чиқариш юқори даражада ривожланиб бораётгани ушбу лойиҳалар самарадорлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенгайтириш бўйича оқилона сиёсат юритилаётгани туфайли улкан муваффақиятларга эришилмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда.
Ислом Каримовнинг 2015 йил 10 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқи менда катта таассурот қолдирди. Президент ўз нутқида демократик ислоҳотлар, матбуот эркинлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд тизимини яхшилаш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, инновацияларни янада такомиллаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий тадбиркорликка эркинлик бериш кафолатларини кучайтириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, коррупция ва бюрократияга қарши курашиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу барча эзгу мақсадлар яқин вақт ичида ўзининг ижобий самарасини беришига ишонаман.
— Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, айни пайтда мамлакатларимиз ўртасида қайси йўналишларда ҳамкорлик жадал ривожланмоқда?

— 1992 йил Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгач, мамлакатларимиз ишончли шерикларга айланди, сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик давом этмоқда. 
Икки давлат раҳбарларининг ташрифлари ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ 2014 йилнинг июнь ойида Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб айнан Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзаро музокаралар натижалари икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ислом Каримов шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангандан сўнг биринчи бўлиб Корея Республикасига давлат ташрифи билан борди. Мазкур ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган музокаралар, шунингдек, бизнес-форум ва бошқа тадбирлар чоғида савдо, инвестиция, энергетика, табиий ресурслар, ахборот технологиялари, молия, қайта тикланадиган энергия манбалари, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон энергетикаси ва бой табиий ресурслари ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу соҳаларни Жанубий Кореянинг илғор технологиялари, капитали, бой тажрибаси ва ноу-хауси билан бирлаштириш самарали натижалар бермоқда. Сурғил конида ҳамкорликда барпо этилаётган қиймати 4 миллиард АҚШ долларига тенг Устюрт газ-кимё мажмуаси бунга ёрқин мисол бўла олади. Бундан ташқари, суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарадиган «Uzbekistan GTL» заводи, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси, Толлимаржон иссиқлик электр станцияси ва энергетика ресурсларини ривожлантириш ҳамда қайта ишлаш билан боғлиқ ва ҳаётга татбиқ этилаётган бошқа қўшма лойиҳалар шулар жумласидан.
Транспорт, логистика, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалар ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидир.

— Ўзбекистонда ташкил этилган индустриал зоналар ва хорижий инвесторлар учун уларда яратилган имкониятлар ҳақида ҳам фикрингизни билдирсангиз.
— Ўзбекистонда хом ашё экспортини камайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини кўпайтириш мақсадида  «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Ангрен» ва «Жиззах» махсус индустриал зоналарининг ташкил этилгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, солиқ, божхона ва бошқа валюта тўловлари бўйича тақдим этилаётган имтиёзларни юқори баҳолайман. Айни пайтда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ушбу индустриал зоналарда турли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, Навоий шаҳридаги аэропорт модернизация қилиниб, унинг базасида халқаро интермодал логистика маркази ташкил этилгани алоҳида эътиборга молик. 2009 йилнинг январь ойидан Навоий аэропорти «Korean Air» компанияси бошқарувига берилди. 
Айни пайтда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган Жанубий Корея компаниялари илғор технологияларни жорий қилиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқараётир. Келгусида қўшма лойиҳаларимиз ҳам ўз самарасини беришига ишонаман.

— Яқинда Самарқандда бўлиб ўтадиган «Шарқ тароналари» Х Халқаро мусиқа фестивалида Жанубий Кореядан иштирок этадиган санъаткорлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Ҳар икки йилда Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Буюк Ипак йўлида жойлашган энг йирик марказлардан бири бўлган ушбу шаҳар Шарқ ва ўарб мамлакатларининг маданий алмашинувига фаол кўмаклашган. Мазкур ўзига хос фестиваль турли халқларга ўзининг анъанавий мусиқа санъатини намойиш этиш имконини бермоқда.
Айни пайтда Жанубий Кореяда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарига қизиқиш ортиб бораётир.
Ўзбекистон халқи шеърият, ашула ва санъатни яхши кўради. Корейс халқи ҳам азалдан шеърият ва адабиётга қизиқади. Бундай ўхшашлик бир-биримизни янада яқинлаштириб, муносабатларимизни мустаҳкамламоқда.
Бу йилги «Шарқ тароналари» фестивалида Жанубий Кореянинг «Пунг Рю» («Нафосат») ансамбли қатнашиб, анъанавий корейс мусиқаси намуналарини тақдим қилади. Бу ансамбль Англия, Америка, Хитой ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро фестивалларда иштирок этган. Мазкур фестивалда уларнинг муваффақият қозонишига умид қиламиз.

— Тинчлик ва осойишталик — фаровонлик ва қут-барака асоси, шундай эмасми?
— Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашга катта ҳисса қўшмоқда. Бунинг самарасида минтақада сиёсий ва иқтисодий ривожланишга эришилди.
Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишда Ўзбекистон фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг ўтган йилги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан БМТ Бош ассамблеясида илгари сурилган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколи якдиллик билан имзоланди. Ўзбекистон томонидан тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, халқингизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Истиқлол йилларида эришган ютуқларингиз билан қутлайман ва бундан буён ҳам улкан муваффақиятларга эришишингизга тилакдошман. Ўзбекистонга равнақ, халқингизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

ЎзА мухбири  
Ирода УМАРОВА
суҳбатлашди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn