Экологик назорат атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга
  • 31 Июль 2015

Экологик назорат атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг Экоҳаракат депутатлар гуруҳи иштирокидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистонда “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг айрим қоидалари ижросига доир масала муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастурига кўра, ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, қатор вазирлик ва идоралар ҳамда жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ 2013 йилда қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг экологик назоратни амалга оширишдаги иштирокига оид ҳуқуқий асослар белгилаб берилган.
Хусусан, Қонуннинг 12-моддасига биноан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг бажарилишида қатнашади, ҳудудий экологик дастурларни тасдиқлайди ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлайди, тегишли ҳудудда давлат экологик назоратини амалга оширади, экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат экологик назорати масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади. 15-моддада эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши кўрсатиб ўтилган.
2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар дастурини амалга ошириш, қолаверса, атроф-муҳитнинг мақбул ҳолатини таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида барқарор ривожланишнинг экологик асосларини жорий этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2013 йилдаги қарори билан тегишли ҳудудий дастур тасдиқланган.
Дастурда тегишли тадбирлар, масъул ижрочилар белгиланган. Хусусан, Оролбўйидаги экологик ҳолатни соғломлаштириш мақсадида Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида 80 минг гектар ўрмон мелиоратив тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Биринчи чорак якунига келиб, 36257 гектар майдонда бу иш амалга оширилган. Яъни бу ерларда шўрланиш, қурғоқчилик ва чўллашишга чидамли саксовул, черкез, қандим ўсимликларидан яшил қалқон яратилган.
Ҳудудда “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганилиши шуни кўрсатдики, Қорақалпоғистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролар экологик назоратни амалга оширишга тўлиқ миқёсда қамраб олинмаган.
Депутатлар Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказишни янада кучайтириш, жамоатчилик назоратини рўёбга чиқаришда фуқаролик институтлари фаоллигини ошириш, унинг бажарилиши қандай бораётгани бўйича тизимли ўрганишни ташкил этиш, экологик тарбия тизимини такомиллаштириш каби масалалар муҳим эканлигига урғу бердилар. Якунда тегишли қарор қабул қилинди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn