Жисмоний тарбия ва спортга оид қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда
  • 29 Июль 2015

Жисмоний тарбия ва спортга оид қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда

Истиқлол йилларида юртимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг миқёсда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, Ватанимизнинг жаҳондаги нуфузини янада юксалтиришнинг муҳим омилига айланди.

Зеро, Президентимиз томонидан ҳам спорт инсоннинг жисмоний ҳамда маънавий соғломлигининг асоси, ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларга ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш имкониятини берадиган муҳим соҳа экани мунтазам таъкидлаб келинади. Бинобарин, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий ва институционал механизмлар яратилди. Соҳага доир қонун ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш, уларни замон талаблари асосида янада такомиллаштириш доимий диққат-эътибордаги масала ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2002 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани навқирон авлоднинг жисмонан соғлом вояга етишида яна бир салмоқли қадам бўлди. Ўтган даврда мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан 1701 спорт объекти қурилиб, замонавий моддий-техник база ҳамда кадрлар билан таъминланди. Пировардида ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ҳамда спортни янада оммалаштириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, халқаро ареналардаги ютуқ ва муваффақиятларини кўпайтириш, юртимизнинг дунёдаги обрўсини янада юксалтириш йўлида энг илғор талабларга жавоб берадиган шарт-шароитлар яратилди. Буларнинг самараси ўлароқ, республикамизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 2005 йилдаги 52,7 фоиздан 2014 йилга келиб 64,5 фоизгача ўсди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенатга юборилган янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Парламент қуйи палатаси депутатларининг ана шу ҳуқуқий ҳужжат мазмун-моҳияти ва долзарблиги ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Жисмоний тарбия ҳамда спорт соҳасида тўпланган тажриба ва мавжуд амалиёт таҳлили ушбу ҳуқуқий ҳужжатдаги қатор меъёрларни замон талаблари асосида маромига етказиш, тизимлаштириш, қатор янги қоидаларни киритиш ҳамда ижро самарадорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатди.
Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи мазкур қонун лойиҳаси устида иш олиб борганда, депутатлар томонидан амалга оширилган назорат-таҳлил фаолияти натижаларига, олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институти вакилларининг фикрларига алоҳида таяндилар.
Ўз навбатида, ҳуқуқий ҳужжат сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи йиғилишларида ҳар томонлама кўриб чиқилиб, уларнинг позициялари шакллантирилди. Мавзу бўйича давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ташкил этилди. Уларнинг доирасида депутатлар, давлат органлари масъул ходимлари, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан билдирилган юздан ортиқ таклифлар янги таҳрирдаги Қонунни такомиллаштиришда инобатга олинди. Қолаверса, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Франция, Италия каби хорижий давлатлар тажрибаси, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий тамойиллар қиёсий таҳлилдан ўтказилди. Пировардида амалдаги Қонундан фарқли равишда унинг янги таҳририга қатор янги моддалар, қўшимча ҳамда ўзгартишлар киритилди. Буларнинг барчаси соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг яхлитлигига эришиш ва тизимлаштириш, Қонуннинг сўзсиз рўёбга чиқарилишини таъминлашда муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.

Нодир МУХТОРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун амалдагисидан қатор жиҳатлари билан фарқ қилади. Аввало, уни қабул қилишдан кўзланган мақсад — аҳоли, айниқса ёшлар ҳамда хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини яратиш, мутахассислар тайёрлаш тизими, замонавий ҳамда самарали спорт инфратузилмасини такомиллаштириш, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш, терма жамоаларни шакллантириш учун зарур шароитлар яратишга доир талабларни жорий қилиш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилган қоидаларни белгилашдан иборат.
Жисмоний тарбия ва спортга оид асосий тушунчалар таърифи берилаяпти. Натижада уларни ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хилда қўллаш ва тушуниш имконияти яратилади. Энг муҳими, спортчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, спортда допингдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга оид алоҳида моддалар ўз ифодасини топаётир.
Жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш ҳамда оммавийлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, ногиронлар ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларга оид спорт турлари, яъни паралимпия, сурдалимпия, махсус олимпиада ва бошқаларнинг ривожланишига шароит яратиш соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналалишлари сифатида кўрсатиб ўтилмоқда.
Бугунги кунда диёримизда кураш, белбоғли кураш, “Турон” яккакураши, ўзбек жанг санъати каби миллий спорт турлари, қирқ иккита миллий ва халқ ўйинлари мавжудлиги, сўнгги йилларда юртимизда мазкур йўналишни янада равнақ топтириш, уларнинг халқаро даражадаги спорт тури мақомини олишига қаратилган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, Қонуннинг янги таҳририда Ўзбекистон миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари мазмуни очиб берилаяпти.

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Қонуннинг янги таҳририда юртимизнинг жисмоний тарбия ва спорт салоҳиятини янада ошириш, юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш учун зарур қулайликлар яратиш, спорт иншоотларини хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Буларнинг барчаси жисмоний тарбия ва спорт соҳаси, хусусан, спорт анжомлари ҳамда инвентарлари ишлаб чиқариш, спорт-соғломлаштириш хизматлари кўрсатиш жабҳасида тадбиркорлик кўламини янада кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашда катта роль ўйнайди.
Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида эндиликда спортни нафақат таълим муассасалари, шу билан бир қаторда, фуқароларнинг иш жойи, яшаш жойи ва дам олиш жойларида ҳам алоҳида тартибда ривожлантириш борасида янги талаблар белгиланаяпти.
Шунингдек, Қонуннинг янги таҳририда спорт тиббиётини ривожлантириш, жисмоний тарбия ҳамда спорт тадбирлари вақтида фуқаролар соғлиғи муҳофазасига алоҳида аҳамият қаратилган.
Жисмоний тарбия ва спортнинг моддий, тиббий, молиявий ва бошқа таъминотига оид қоидалар, чунончи, жисмоний тарбия ҳамда спорт тадбирлари ташкилотчилари уларнинг қатнашчиларини тиббий ёрдам билан таъминлашни амалга оширишлари шартлиги, шунингдек, спорт анжомлари, жиҳозлари ва спорт кийими халқаро ва (ёки) давлат стандартларига, меъёрларига ҳамда талабларига мувофиқ бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилаяпти.


Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn