Устувор вазифалар белгилаб олинди
  • 25 Июль 2015

Устувор вазифалар белгилаб олинди

Аввал хабар қилинганидек, жойларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июлдаги мажлисида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга бағишланган фаоллар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Самарқанд вилояти. Вилоят ҳокими З. Мирзаев бошқарган йиғилишда ярим йиллик якунлари таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 10,5 фоиз ошди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 6,2, чакана товар айланмаси 12,6, қурилиш-пудрат ишлари 11,1 ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,5 фоиз ўсди. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 36,3 фоизи озиқ-овқат, 22,1 фоизи енгил саноат, 21,8 фоизи машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, 4,4 фоизи нефть-кимё, 4 фоизи қурилиш материаллари саноати тармоқларига тўғри келди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 71,9, хизмат кўрсатиш соҳаси улуши 54,3 фоизни ташкил этгани ҳам эътиборга молик.
Йиғилишда Бандлик дастури доирасида 47 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилгани ва уларнинг асосий қисми қишлоқ жойлари ҳиссасига тўғри келиши айтиб ўтилди. Бу борада тижорат банкларининг кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш учун ажратган кредит маблағлари муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, шу орқали 482 та хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 1 минг 626 та иш ўрни ташкил қилинди.
Ҳисобот даврида ҳудудда 1 минг 258 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг жами сони 15,9 мингтага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 501,7 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Эътиборлиси, бугун вилоятдаги иш билан банд аҳолининг 83,7 фоизи айнан шу соҳада фаолият олиб бормоқда.
Тадбирда фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилаш бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатларга ҳам эътибор қаратилди. Мазкур даврда барча манбалар ҳисобидан 1 триллион 293 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўриб чиқилди ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.
* * *
Навоий вилояти. Вилоят ҳокими Э. Турдимов бошқарган йиғилишда жорий йилнинг олти ойи якунларига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот 3,1 фоиз ўсганлиги, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини юксалтириш йўлида сезиларли натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ҳисобот даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,6, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 13,6, қурилиш ишлари 7,1, чакана савдо айланмаси 15,2, хизматлар ҳажми 17,8 фоиз ошди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг барча тармоғида ижобий ўсиш кузатилди. Пировардида ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган режага нисбатан 6,8 фоиз ўсишига эришилди.
Шунингдек, мазкур даврда 20,8 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 133 та кичик бизнес субъекти ташкил қилинди ва натижада 603 та янги иш ўрни яратилди.
Воҳадаги корхоналарни модернизациялаш ҳамда техник ва технологик қайта жиҳозлаш, замонавий ҳамда юксак технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишни жадаллаштириш борасида фаол инвестиция сиёсати юритишга жиддий эътибор қаратилгани ҳам таъкидланди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар эътироф этилиши билан бирга, йўл қўйилган айрим камчиликлар ва уларнинг омиллари чуқур таҳлил қилинди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳамда истиқболда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди. Навоий вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов сўзга чиқди.

* * *
Хоразм вилояти. Вилоят ҳокими П. Бобожонов бошқарган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳар томонлама таҳлил этилиб, ҳудудда иқтисодий ўсиш суръатлари таъминлангани таъкидланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,1 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 30,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,2, қурилиш-монтаж ишлари 3,9 фоиз ўсишига эришилди. Шунингдек, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 40,2, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми 2,5, чакана товар айланмаси 14,5 ҳамда хизмат кўрсатиш 12,4 фоиз ўсди.
Хоразм вилоятини 2013 — 2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, 767 та лойиҳа ўрнига 932 та лойиҳа амалга оширилиб, 251 миллиард сўм миқдорида инвестициялар киритилди ва 5 мингга яқин иш ўринлари яратилди.
Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида қўшимча лойиҳалар билан бирга, қиймати қарийб 271 миллион АҚШ долларига тенг 274 лойиҳа амалга оширилди. Эътиборлиси, мазкур дастур доирасида шу кунга қадар 36 мингдан ортиқ “Damas”, 3 мингга яқин “Orlando” русумли автомобиллар, 119 та экскаватор ва 54 та бульдозер ишлаб чиқарилди. Шунингдек, маиший газ баллони, музлаткич, металл арматуралар, спорт инвентарлари ҳамда кир ювиш кукуни, юқори кучланишли аппаратлар каби янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 6 декабрда имзоланган “Хоразм вилоятининг ободончилик ва аҳоли сув таъминотини тубдан яхшилаш, Урганч шаҳар бош режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳисобот даврида 1 триллион сўмликдан ортиқ қурилиш ишлари бажарилди.
Шунингдек, туризм соҳасида 45,3 миллион АҚШ долларилик 99 та лойиҳа рўёбга чиқарилди.
Йиғилишда ҳисобот даврида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва йилнинг иккинчи ярмидаги энг муҳим устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Хоразм вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

* * *

Жиззах вилояти. Жиззах вилояти ҳокими С. Исмоилов бошқарган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида саноат соҳасида 94 янги лойиҳа амалга оширилгани ва натижада қўшимча 46 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилгани алоҳида қайд этилди.
Шу даврда иқтисодиётнинг барча соҳасида ўсиш кузатилди. Жумладан, жами ишлаб чиқарилган 525,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотларининг 37 фоизи ҳудудий корхоналар улушига тўғри келди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида эса 28,4 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 2,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта иқтисод қилинди.
Шунингдек, Бандлик дастури доирасида 24 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Уларнинг 77,5 фоизи қишлоқ жойларда экани эътиборлидир.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил қўллаб-қувватланиши натижасида яна 690 та тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 9 минг 26 тага етди. Тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 192 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажаратилди. Натижада 20 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Муҳими, ушбу соҳанинг вилоят ҳудудий маҳсулотидаги улуши 63,2 фоизни, аҳоли бандлигида эса 80,3 фоизни ташкил этди.
Йиғилишда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида 85 миллиард сўмлик маблағ сарфланиб, ёши улуғ инсонларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, улар учун зарур қулайликлар яратиш бўйича белгиланган тадбирлар амалга оширилганига ҳам эътибор қаратилди.
Жиззах вилояти фаоллар йиғилишида эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Азамат ЗАРИПОВ,
Ойбек РАҲИМОВ,
Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn