Дастур ижроси муҳокама қилинди
  • 25 Июль 2015

Дастур ижроси муҳокама қилинди

Бухоро шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича давлат дастурининг ушбу вилоятда бажарилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Тадбирда депутатлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, вилоят фермерлари ва журналистлар қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий база яратилган. Шу асосда кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Натижада қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, ички ва ташқи бозорларга сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришда ижобий натижаларга эришилаяпти.
Бухоро вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,6 фоиз ўсгани бунинг тасдиғидир. Албатта, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича давлат дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилаётгани бунда муҳим аҳамият касб этаяпти.
— Назорат-таҳлил тадбири ишчи гуруҳимизга соҳа мутахассислари, экспертларни жалб қилган ҳолда олиб борилди, — дейди депутат Ф. Ибрагимова. — Шу аснода маҳаллий ҳокимият мутасаддилари, фермерлар билан мулоқот қилинди, дастур ижроси муфассал ўрганилди. Аниқландики, 2013/2014 йилларда ҳудудда жами 32 та мелиоратив объектда қурилиш ҳамда реконструкция ишлари бажарилган. Хусусан, 26,912 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, 316,9 км.лик очиқ коллекторлар, 19,4 км.лик ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари, 7 та мелиоратив насос станцияси, 17 та мелиоратив тик қудуқ ва 300 та кузатув қудуғи барпо этилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 44,97 км.лик очиқ коллекторлар ва 7,4 км узунликда ёпиқ-ётиқ дренаж тармоғи қуриб битказилган. Шунингдек, мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича 546,2 км. узунликда очиқ коллекторлар тикланган.
Таҳлиллар давомида соҳадаги ижобий натижалар қаторида, ечимини кутаётган камчиликлар ва ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги маълум бўлди. Жумладан, тасдиқланган прогноз параметрларига мувофиқ ҳолда хўжалик субъектларида томчилатиб суғоришни жорий этиш кўламини янада кенгайтириш керак. Шулар қаторида тегишли ташкилот ва идоралар томонидан сувни тежайдиган шу каби технологиялардан фойдаланиш афзалликлари ҳамда самарадорлиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишларига эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Тадбир давомида кўрилган масала бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn