Депутатлар жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар
  • 23 Июль 2015

Депутатлар жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини оширишга хизмат қилаяпти. Бунда соҳанинг пухта ҳуқуқий асослари изчил такомиллаштириб борилаётгани катта аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2002 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилгани ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни равнақ топтириш ҳамда оммалаштиришда муҳим роль ўйнади. Ўтган даврда жамғарма маблағлари ҳисобидан 1701 спорт объекти қурилиб, улар замонавий спорт анжомлари ва инвентарлари билан тўлиқ жиҳозланди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ўғил-қизларимиз ўртасида спорт билан шуғулланиш оммалашиб, болалар соғлиғи янада мустаҳкамланмоқда, ёшларимиз халқаро ареналарда юксак натижаларни қўлга киритаяпти.
Мактаб ёшидаги болалар ўртасида ҳар йили ўтказиб келинаётган тиббий кўриклар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, юртимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 2014 йилда, 2003 йил билан солиштирилганда, 12,3 фоиз ошиб, 64,5 фоизга етди.
Соғлом бола йилида ушбу соҳа ривожига эътибор янада кучайтирилди. Чунончи, тегишли Давлат дастурига мувофиқ, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мазкур қонун лойиҳаси конструктив, очиқ ва ошкора мулоқот тарзида муҳокамадан ўтказилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди. Бу ҳам қабул қилинаётган қонун лойиҳаси долзарблигини кўрсатиб турибди.
Қонуннинг сўзсиз бажарилиши, соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг яхлитлигини таъминлаш ҳамда тизимлаштириш мақсадида унга янги моддалар киритилди. Хусусан, ҳуқуқий ҳужжатда асосий тушунчалар янада тўлдирилиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш масалаларини қонуний тартибга солиш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларини ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш, шунингдек, жисмоний тарбия ҳамда спортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат органларининг соҳадаги ваколатларига оид масалалар қамраб олинган.
Амалдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун нормаларини таҳлилдан ўтказиш жараёни шуни кўрсатдики, ўтган даврда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидалар, шунингдек, мазкур йўналишда тўпланган амалий тажриба унда тўлиқ ўз ифодасини топмаган, шу сабабли ҳам ушбу ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий мамлакатлар, жумладан, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Франция, Италия ва бошқа давлатлар тажрибаси, халқаро ҳужжатлардаги умумэътироф этилган тамойиллар инобатга олинди.
Умуман, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши соҳада мутахассислар тайёрлашнинг самарали тизимини ҳамда спорт инфратузилмасини шакллантириш, илғор талаблар асосида юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш учун зарур шароитларни яратиш ҳамда янгича ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш, юртимиз истеъдодли ўғил-қизларининг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, якунда уларнинг позициялари шакллантирилди.
— Фракциямиз аъзолари томонидан қонун лойиҳаси Сайловолди дастуримизнинг асосий қоидаларига биноан кўриб чиқилди. Фракциямиз вакиллари фикрига кўра, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимиз миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади, — деди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Д. Жалилова. — Хусусан, қонунга “Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари” деган махсус модда киритилган бўлиб, унга мувофиқ, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия, спорт ташкилотлари ҳамда бошқа муассасалар Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиши белгилаб қўйилаяпти. Бу уларни аҳоли кенг қатламлари ўртасида оммалаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларининг халқаро миқёсдаги обрўсини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
— Фракциямиз йиғилишида қонун лойиҳасини Сайловолди дастуримиз нуқтаи назаридан муҳокама қилдик, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси О. Жумаев. — Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши соҳанинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жумладан, унда замонавий спорт инфратузилмасини шакллантириш, юқори тоифали спортчилар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, спорт иншоотларини хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш каби муҳим жиҳатлар назарда тутилаётир. Буларнинг барчаси мазкур йўналишда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга ижобий таъсир кўрсатади.
— Фракциямиз ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига қатор ўзгартишлар киритишни таклиф этди, — дея таъкидлади Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ш. Мамажонов. — Зеро, мазкур қонун лойиҳаси жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ислоҳ қилиш, аҳоли, айниқса, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий муҳофазасини, хусусан, имтиёзлар жорий этиш ҳисобига кучайтириш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва спортнинг замонавий меъёрларга мос инфратузилмасини яратишга қаратилгандир. Бу эса спорт мактаблари ва таълим муассасаларига малакали мутахассисларни етказиб бериш имкониятини янада кенгайтиради.
— Истиқлол йилларида Ўзбекистонда спорт том маънода умуммиллий ҳаракат сифатида намоён бўлди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси М. Қурбонбоев. — Бу давлат ижтимоий сиёсатининг устувор жиҳатларидан бири — аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди. Шу маънода таъкидлаш жоизки, фракциямиз қонун лойиҳасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликларининг ваколатларига оид алоҳида моддалар киритилишини муҳим, деб ҳисоблайди. Чунончи, унда спорт тиббиётини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари вақтида фуқаролар саломатлиги муҳофазасига катта аҳамият берилмоқда. Бундан ташқари, таълим муассасаларида болалар спортини ривожлантириш, ўғил-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш долзарб вазифалардандир. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланмоқда.
Мажлис якунида депутатлар томонидан янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn