Энергетикага оид қонунчилик ижроси ўрганилди
  • 17 Июль 2015

Энергетикага оид қонунчилик ижроси ўрганилди

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг энергетика тармоғи жадал суръатлар билан ривожланиб, Ўзбекистон ўзини ўзи таъминлайдиган энергетик мустақил давлатга айланди. Бунда тармоқнинг изчил равнақ топиши учун яратилган кенг имконият ва шароитлар, зарур ташкилий-ҳуқуқий база муҳим асос бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг навбатдаги йиғилишида ана шулар алоҳида таъкидланди. Унда “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонун талабларининг Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги ижросини назорат-таҳлил фаолияти тарзида ўрганиш якунлари кўриб чиқилди. Тадбирда депутатлар, тегишли ташкилотлар, идоралар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, экспертлар, мутахассислар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Маълумки, юртимизда соҳага доир муносабатлар “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунлар, 30 га яқин қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2001 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси энергетикасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги сифат ўзгаришларини изчил давом эттиришда муҳим аҳамият касб этиб, республика иқтисодиёти ҳамда аҳолисини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, энергетика тизими иш режимларини бошқариш ва мувофиқлаштиришда янги босқични бошлаб берди.
Қўмита томонидан “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуннинг Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги ижросини назорат-таҳлил тартибида кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ таркибига депутатлар, мутасадди вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, малакали экспертлар гуруҳи жалб этилди, соҳага доир барча норматив-ҳуқуқий база, тегишли маълумотлар таҳлил қилинди. Ўз навбатида, ўрганиш даврида ҳудудлардаги электр тармоқлари корхоналари фаолияти билан танишилди, мутахассислар билан фикр алмашилди.
Маълум бўлишича, ҳар иккала ҳудудда энергетика соҳасида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, энергетика тармоқлари корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш ва уларнинг иш самарадорлигини юксалтириш ҳамда шу асосда энергетика тизими барқарор ишлашини таъминлаш, маҳаллий иқтисодиёт ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар қилинган.
— Қашқадарё ва Наманган вилоятларида “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши даражаси ишчи гуруҳ томонидан батафсил ўрганилди, — деди қўмита аъзоси Назир Собиров. — Натижада жойларда ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, ҳудудларда электр энергия таъминотида барқарорликни янада мустаҳкамлаш, истеъмолчиларнинг тўлов интизомини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, жабҳага замонавий ахборот-коммуникация ҳамда тежамкор технологияларни, илғор инновацияларни жадал жорий қилишга катта эътибор қаратиш давр талабидир. Шунингдек, малакали ходимлар тайёрлаш ва мутахассисларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада кучайтириш лозим.
Тадбирда мазкур масала юзасидан Қашқадарё ва Наманган вилоятлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутасаддилари ахборот берди. Унда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаш, соҳага доир қонунчилик базасини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилиб, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn