Қонун лойиҳалари муҳокамасида сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳининг яққол фаоллиги кўринмоқда
  • 16 Июль 2015

Қонун лойиҳалари муҳокамасида сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳининг яққол фаоллиги кўринмоқда

Маълумки, жорий йилнинг 23 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз “Олий Мажлис — парламентимизда ва маҳаллий вакиллик органларида фракциялар ёки айрим депутатлар ўртасида доимо фикрлар қарама-қаршилиги, мунозаралар бўлиши керак, айнан шу ерда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, манфаатлари ифода этилиб, депутатлар ўз фикрларини илгари сурадиган кучли баҳс ва рақобат бўлиши муҳим аҳамиятга эга”, дея алоҳида таъкидлаб, фракциялараро рақобатни янада кучайтиришга доир вазифаларни белгилаб берган эди.

Қайд этиш жоизки, янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ўтган олти ой давомидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳи ва депутатлар қонун лойиҳаларини уларни қабул қилишнинг барча босқичларида сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларидаги вазифалари мазмунига ҳамда электоратлари манфаатларига мувофиқлиги, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари мутаносиблиги етарли даражада ифода этилаётганлиги нуқтаи назаридан кенг муҳокамалар асосида кўриб чиқмоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Аҳолининг санитария-эпидемиолигик осойишталиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимизда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиш юзасидан ўзларини “Демократик кучлар блоки” деб эълон қилган ЎзЛиДеП ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари берган қатъий позицияга эга таклифлар, айниқса, ўзини мухолифат деб эълон қилган Халқ демократик партияси ва “Адолат” СДП фракциялари томонидан ўз сайловолди дастурларидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳаси бўйича муқобил ҳамда конструктив таклифлар билдирилгани бунинг ёрқин исботидир.
Жумладан, ўзининг сайловолди дастурида миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, аҳолининг турмуш сифати ва фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни кучайтиришни асосий вазифалардан бири сифатида белгилаган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси қонун лойиҳасидаги аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини соддалаштириш, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишга оид нормаларни ҳуқуқий механизмалар билан тўлдириш, қонун нормаларининг ҳудудларда тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида лойиҳани “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ваколатлари” номли янги модда билан тўлдириш ҳақидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифларни билдирди.
ЎзЛиДеП фракцияси ҳам ўз электорати ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида лойиҳада белгиланаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиш суд тартибида амалга оширилиши кўзда тутилган қоидани кенгайтириб, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чегаралаш ва тақиқлаш ҳам суд тартибида амалга оширилишини белгиловчи норма билан тўлдириш лозимлиги ҳақидаги таклифни илгари сурди. Ўзларини “Демократик кучлар блоки” деб эълон қилган ЎзЛиДеП ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари биргаликда лойиҳада белгиланаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқларини кенгайтириш ҳақидаги таклифларни билдиришди.
Халқ демократик партияси фракцияси аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш тарафдори эканлигидан келиб чиқиб, лойиҳада кўзда тутилаётган Бош давлат санитария врачининг ваколатларини аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга оид янги ваколатлар билан тўлдириш, лойиҳани “Радиоактив моддалар ва бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлашга доир талаблар”, “Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар” номли алоҳида янги модда билан тўлдириш каби таклифларни ўртага ташлади.
“Адолат” СДП фракцияси жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ тегишли қоидаларни айнан қонунда белгилаш лозимлигидан келиб чиқиб, лойиҳада давлат санитария назоратини амалга ошириш тартиби, шакллари ва усуллари, назорат натижаларини расмийлаштиришга доир қоидаларни белгилаш, шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга доир нормаларни белгилаш лозимлиги ҳақидаги таклифларни илгари сурди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ҳам қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида санитария-гигиена тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши мумкинлиги, шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби таклифларни билдирди.
Энг муҳими, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳининг берган таклифлари қуйи палата ялпи мажлисида иштирок этган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги вазирлик ва ташкилотларнинг мутахассислари, Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳасига масъул қўмитаси томонидан инобатга олинди.
Бу эса сиёсий партиялар фракциялари ва депутатларнинг аҳолимиз учун зарур бўлган, одамларимизнинг кундалик турмуш тарзини яхшилашга қаратилган қонунларни қабул қилишда ўз сайловолди дастурлари ва электоратлари манфаатларини ҳисобга олишга бўлган талаблари кучайиб бораётганлигини кўрсатади.
Умуман олганда, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциялари, депутатлар гуруҳи ва депутатларнинг ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофазалашни таъминлаш, жамият ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn