Ёш авлод камолотининг муҳим омили
  • 15 Июль 2015

Ёш авлод камолотининг муҳим омили

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, она-Ватанимиз, тарихимиз, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш давлатимизнинг доимий эътиборидаги масаладир.

Албатта, бунда музейлар алоҳида ўринга эга бўлиб, бугунги кунда ана шу муассасалар фаолиятини янада ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Баркамол авлодни тарбиялашда музейларнинг роли ва аҳамияти” мавзуида ўтказилган анжуманда ана шулар хусусида сўз юритилди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари мутасаддилари, музейлар директорлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида музейларга оид ҳуқуқий базанинг шакллантирилгани соҳа тараққиётида муҳим омил бўлмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар музейлар ишини янада такомиллаштириш ҳамда давр талабига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйиш имконини бераяпти.
Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган республика “Ўзбекмузей” жамғармаси ушбу фаолият билан шуғулланувчи барча ташкилотлар ишини мувофиқлаштириб бораётгани эътиборга молик. Бугунги кунда республикамизда 444 та музей мавжуд бўлиб, уларда жами 2 млн. 387 мингдан ортиқ экспонатлар сақланаётир.
Анжуманда депутатлар миллий қадриятларимизни ўрганиш, тўплаш, замон руҳига мос равишда ривожлантириш ва уни келгуси авлодларга тўла-тўкис етказиш зарурлигини қайд этишиб, мактаб музейлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидланганидек, ҳозирги кунда юртимиздаги умумтаълим масканларида ўлкашунослик, халқ мероси, тарихий ўлкашунослик, хотира ва қадрлаш, мактаб, қишлоқ тарихига оид 188 мактаб жамоатчилик музейи фаолият кўрсатмоқда.
— Ташкил этилган бундай масканлардан бир неча мингдан ортиқ экспонатлар ўрин олган, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси А. Абдуқодиров. — Шу орқали ўқувчи-ёшлар ўзи яшаётган ҳудуднинг тарихини, миллий урф-одатларини чуқур ўрганадилар. Бу эса уларда Ватанга, умуммиллий қадриятларимизга ҳурмат ҳисси, дахлдорлик туйғуси шаклланишида яқиндан кўмак беради. Айни чоғда жойлардаги мавжуд музейларнинг қонун талаблари асосида фаолият юритишини таъминлаш, соҳа мутахассислари масъулиятини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Тадбирда, шунингдек, музейлар фаолиятини янада ривожлантириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
Якунда музей мутахассислари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ходимларни аттестациядан ўтказиш, юксак маънавиятли авлодни тарбиялашда таълим муассасалари билан музейлар ўртасидаги ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаш ҳамда кучайтиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn