Фуқароларга қулайлик яратиш — асосий мақсад
  • 11 Июль 2015

Фуқароларга қулайлик яратиш — асосий мақсад

Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим шарти бўлган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Юртимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳотларнинг мазкур йўналишига алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани боис соҳадаги ишлар кўлами кенгайиб, самарадорлик ошди. Буни жуда кўп мисолларда кўришимиз мумкин.
Аввало, суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш орқали суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этишга хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий, институционал чора-тадбирлар амалга оширилди. Кўплаб қонунлар, давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал қонунчилигига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий принципни янада изчил амалга ошириш, суд тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқариш имконини берди.
Буларнинг барчаси жамиятда инсон ва унинг манфаатларини олий қадрият даражасига кўтариш, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишига хизмат қилди.
Жорий йил 10 июнда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги навбатдаги муҳим қадамлардан бирига айланди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Зеро, унга мувофиқ, Фуқаролик процессуал кодексига ҳам замон талаблари асосида қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар фуқароларнинг судларга мурожаат қилишини соддалаштириш, фуқаролик судларида электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш, судга аризалар ва бошқа ҳужжатларни интернет орқали юбориш, шу асосда судларда иш юритишни такомиллаштириш, электрон шаклда суд ҳужжатларини юбориш тартибини ўрнатиш, шунингдек, фуқаролик суд иш юритувининг янада тезкорлиги ҳамда қулайлигини ошириш, процесс иштирокчилари харажатлари ва суд чиқимлари камайишига қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Маълумки, олдинги амалиёт бўйича, яъни Фуқаролик процессуал кодексига кўра, судга ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда нусхалари билан берилар, судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкин эди. Ўз навбатида, худди шундай тартиб апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида ҳам ўрнатилган эди. Мазкур ҳолат фуқаролар учун кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқарарди.
Кодексга киритилган янгиликлар эса мана шундай вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилади. Эндиликда юқоридаги каби мажбурият электрон шаклда мурожаат қиладиган аризачига татбиқ этилмайди, балки бу масъулият суднинг зиммасида бўлади.
АҚШ, Австрия, Япония, Корея Республикаси ва бошқа ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатдики, ушбу мамлакатларда фуқаролик суд иш юритувида электрон ҳужжат алмашинуви кенг тарқалган. Бунда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали суд процессининг барча босқичи (даъво аризасини беришдан тортиб, электрон суд иши давлат архивига сақлаш учун топширилгунча) қамраб олинади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал қонунчилигига киритилган бундай муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар келгусида фуқаролик суд иш юритувини янада такомиллаштириш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тармоқларини кенг жорий этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мустаҳкамлаш имконини беради.
Албатта, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари ҳам ўзларининг дастурий мақсад ҳамда вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиши давр тақозосидир. Чунончи, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш самарадорлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, уларни маромига етказиш, соҳада назорат-таҳлил тадбирларини изчил олиб бориш айни заруратдир.

Бунёджон ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn