Фаолият самарадорлиги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашга бевосита боғлиқ
  • 09 Июль 2015

Фаолият самарадорлиги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашга бевосита боғлиқ

Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги  ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Хоразм вилоятидаги ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда фуқаролар йиғинларига аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасида муҳим ваколатлар берилган. Вилоятдаги мавжуд 602 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида ундан самарали фойдаланилмоқда. Айни пайтда маҳаллалар фуқароларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенг жалб этиш, оилалар осойишталигини таъминлаш, эҳтиёжманд, имконияти чекланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, жойларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда фаол иштирок этаётгани бунинг амалий ифодасидир. Қолаверса, фуқаролар йиғинлари фаолияти маҳаллий бошқарув идораларининг доимий эътиборида бўлиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида мазкур масалалар мунтазам муҳокама этиб борилаётир.
Вилоятда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини изчиллик билан бажариш, хусусан, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кекса ҳамда ногиронлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга моддий кўмак бериш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётир.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик назорати самарали йўлга қўйилгани аҳолининг фуқаролик позициясини тўла-тўкис намоён этишига зарур шароит яратмоқда. Шу нуқтаи назардан, ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар раҳбарларининг ободончилик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи юзасидан ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилаётир.
Йиғилишда мазкур қонунлар ижросини таъминлашда амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Фуқаролар йиғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудларда тадбиркорликни, жумладан, оилавий бизнесни йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган маслаҳат марказлари ишини янада жонлантириш, ёшлар, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оила, никоҳ  муносабатларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.
— Бугунги кунда маҳалла институти кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда, — дейди Урганч туманидаги “Бекобод” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Оллаберган Маҳмудов. — Фуқаролар йиғинлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш, жамият ҳаётидаги нуфузини юксалтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз натижаларини бераётир. Тадбир давомида биз — фуқаролар йиғинлари раисларининг маҳаллаларни ободонлаштириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, ёш авлодни баркамол вояга етказишга кўмаклашиш, ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бунинг учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. Бу, албатта, ҳар биримиздан мавжуд қонунчиликни чуқур билишни тақозо этади. Зеро, фаолиятимизга доир қонунлардан тўла-тўкис хабардор бўлишимиз ҳаётий муаммолар ечимини топишда қўл келади.              
Йиғилишда юқорида қайд этилган қонунларни ижро этишда фуқаролар йиғинларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлик қилишнинг такомиллаштирилган механизмларини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

О. ЖУМАНИЁЗОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn