Ўзбекистон — Польша: ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
  • 08 Июль 2015

Ўзбекистон — Польша: ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Польшанинг Сулеювек шаҳрида Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси вакиллари ва “PPUH Horus energia Sp.z.o.o.” компанияси бошқаруви аъзолари учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур компания электр энергия ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар (шу жумладан, муқобил энергия манбаларидан) тайёрлашга ихтисослаштирилган.

Тадбир доирасида юртимиз сармоявий салоҳияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда қатнашчилар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган салмоқли муваффақиятлари, мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари, республикада хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда кафолат ва имтиёзлар билан атрофлича танишдилар.
Тақдимотда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналарида ҳамкорликда сармоявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, Польша компанияси вакиллари электр энергияси билан таъминлайдиган, шу жумладан, муқобил ёнилғи — биоёқилғи, коммунал чиқиндилар ҳамда турли газлар асосида ишлайдиган замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарилиши хусусида батафсил маълумот бердилар.
“PPUH Horus energia Sp.z.o.o.” компанияси бошқарув раиси Я. Коблак ўз компанияси ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликнинг кўп йиллик тажрибасига эга эканлигини айтди. Жумладан, 2014 йилнинг февралида “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси мутахассислари мазкур компанияда малака оширишди, 2014 йил апрелида эса Тошкентда “PPUH Horus energia Sp.z.o.o.”нинг тақдимот маросими ўтказилди.
Я. Коблакнинг фикрича, республикамиз улкан инсон ресурсларига ҳамда экологик ёнилғида ишлайдиган агрегатлардан фойдаланиш учун кенг имкониятларга эгадир. “PPUH Horus energia Sp.z.o.o.” компанияси раҳбари энергия ишлаб чиқариш учун янги муқобил манбаларни қўллаш юзасидан ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлик билдирди. У, шунингдек, ўз компанияси Ўзбекистонда мутахассисларни қайта тайёрлаш ва асбоб-ускуналарга сервис хизмати кўрсатиш мақсадида Ўқув марказини ташкил этишга ҳам тайёр эканлигини маълум қилди.

«Жаҳон» АА.
Варшава

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn