Демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати
  • 04 Июль 2015

Демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати

Мамлакатимизда давлат бошқарувини янгилаш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, жойларда вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамкорлигини самарали ташкил қилиш борасида зарур шарт-шароит яратилган.

1993 йилда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши тизим фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаши баробарида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўрни ва аҳамиятини янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб келмоқда.
Алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимиз Конституциясига ўтган йили киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ролини ошириши билан бирга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти мустақиллигини ҳамда айни пайтда уларнинг вакиллик ҳокимияти органлари олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга хизмат қилаётир. Хусусан, Асосий Қонуннинг 103-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланди.
2015 йил 10 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 251-модда билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашига ҳисобот тақдим этиш тартиби, муддати ҳамда таомиллари аниқ ўз ифодасини топди.
Хусусан, ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Бу вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ҳамда шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.
Ҳисоботни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.
Ушбу Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатларни оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларда эълон қилиш шартлиги, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокими ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф қилиниши мумкинлиги акс этди.
Қисқача айтганда, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Юртбошимиз ташаббусига асосан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишларни амалиётга татбиқ этишнинг изчил механизмларини яратади. Шу билан бирга, жойларда давлат ҳокимияти ва бошқарувини такомиллаштириш ҳамда янада демократлаштиришни, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлигини кафолатлайди, жойларда депутатлик назорати институтини мустаҳкамлаб, партиялараро рақобатни кучайтиради, пировардида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада тўлақонли таъминлайди.

Аҳрор РЎЗИЕВ,
Шероз ХАБИЛЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги
институти етакчи илмий ходимлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn