Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари ижроси ўрганилди
  • 02 Июль 2015

Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари ижроси ўрганилди

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулкдорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун кенг имкониятлар, шароитлар яратилган. Бу йўлдаги ҳуқуқий асослар ҳам изчил такомиллаштирилаяпти. Пировардида соҳанинг юрт равнақи, аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги ҳиссаси ошиб бормоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоизга етгани бунга бир мисолдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси йиғилишида ана шулар алоҳида таъкидланди. Унда хусусий мулкдорлар фаолияти ва тадбиркорларнинг эркин ривожланишини таъминлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларининг Андижон ва Сурхондарё вилоятлари давлат органлари томонидан бажарилишини назорат-таҳлил тарзида ўрганиш натижалари муҳокама этилди. Тадбирда маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, тегишли ташкилотлар, идоралар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, экспертлар, мутахассислар, журналистлар қатнашди.
Мажлис маҳаллий давлат органлари фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлик масалаларига доир қоидаларига риоя этилишини батафсил ўрганиш асосида амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилди.
Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулк ва тадбиркорликни изчил тараққий топтириш, соҳани янада эркинлаштириш, бу борадаги муаммо ҳамда камчиликларни ҳал қилиш устувор йўналишлардандир. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 15 майида қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.
Назорат-таҳлил фаолиятига тайёргарлик жараёнида Ишчи гуруҳи таркибига депутатлар, малакали мутахассислар ва экспертлар гуруҳи жалб этилди. Жабҳага доир барча меъёрий-ҳуқуқий асослар кўриб чиқилди. Тегишли маълумотлар таҳлил қилиниб, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари давлат органларининг ушбу масала юзасидан фаолиятлари батафсил ўрганилди.
Бунда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларнинг нормалари ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳудудларда бу борада қатор ижобий ишлар олиб борилган. Хусусан, 2011 — 2015 йиллар даврида Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар масштабини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, мамлакатда тадбиркорлик муҳитини шакллантириш бўйича мезонлар ва баҳолар тизимини аниқлаш ва амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастури бажарилиши доимий диққат-эътиборда бўлиб келаяпти. Унга биноан, мутасадди ташкилотлар томонидан “Тадбиркорлар куни” ташкил этилаётир. Ишбилармонлардан тушаётган мурожаатлар давлат органлари раҳбарлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ҳолатлари бўйича доимий сўровномалар ўтказиб келинаяпти.
Тадбирда мазкур масала юзасидан Андижон ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари ахборот берди. Муҳокамаларда депутатлар, мутахассислар ва экспертлар мамлакатимизда хусусий мулк ҳамда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
— Ҳар иккала вилоятда ҳам тегишли қонун ҳужжатлари талаблари юзасидан муайян ишлар қилинган, — деди қўмита аъзоси К. Джумамуратова. — Бунда ижтимоий шериклик, яъни давлат органлари, бизнес ва хусусий сектор ўртасида ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётгани маълум бўлди. Шулар қаторида хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларини сўзсиз бажаришга эътиборни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ. Тадбирда учраётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.
Йиғилишда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиш, бизнес муҳитини яхшилаш соҳасидаги қонунчилик базасини янада маромига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn