Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида
  • 01 Июль 2015

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда комиссия аъзолари, Бош прокуратура ходимлари, Андижон ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари, прокурорлари ҳамда ички ишлар бошқармалари бошлиқлари иштирок этди.
Йиғилишда одам савдосига қарши курашишга қаратилган қонунчилик ижроси юзасидан ушбу вилоятларда ўтказилган мониторинг натижалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг одам савдосидан жабрланганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш борасидаги фаолияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Андижон ва Бухоро вилоятлари ҳудудий идоралараро комиссиялари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, давлат бошқаруви идоралари томонидан жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, бундай қилишга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Жумладан, мазкур вилоятлардаги ҳудудий комиссиялар ташаббуси билан аҳоли яшаш жойлари, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида 28,5 мингдан ортиқ мавзуларга оид тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда 800 мингга яқин фуқароларнинг иштироки таъминланган ҳамда оммавий ахборот воситаларида 730 маротаба чиқиш ташкиллаштирилган.
Одам савдосининг оғир оқибатлари ҳақида аҳолини хабардор этиш мақсадида ушбу мавзуга доир баннерлар ҳудудлардаги маҳаллаларда ўрнатилган, Андижон ва Бухоро вилоятлари мусиқали драма театрларида “Хаёл ва ҳақиқат” ҳамда “Аёл кечирмайди” номли спектакллар намойиш этилган.
Йиғилишда одам савдосига қарши курашишнинг энг самарали йўлларидан бири иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш эканлиги таъкидланди. Жойларда янги иш ўринлари яратиш, бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш, умумтаълим мактабларини битирган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига жалб қилиш, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик билан шуғулланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш диққат-эътиборда турибди.
Тиббиёт муассасаларида одам савдосидан жабрланганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, беморларни диспансер назоратига олиб соғломлаштириш ва тураржойларига бориб, мутахассислар кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган.
Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказида ушбу қабиҳ жиноятдан азият чекканларга тиббий, психологик, ижтимоий ҳамда юридик ёрдамлар кўрсатилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудий комиссиялар фаолияти етарли самара бермагани, жабрланувчиларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этишда камчиликларга йўл қўйилганлиги танқид остига олинди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Одам савдосига қарши
курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn