ЕХҲТ расмий ҳужжати сифатида тарқатилди
  • 26 Июнь 2015

ЕХҲТ расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида “Ўзбекистоннинг юристлар малакасини ошириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги” мавзуига бағишланган материал ЕХҲТ иштирокчи мамлакатлари ўртасида ушбу ташкилотнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Унда Тошкентда бўлиб ўтган “Суд кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференция хусусида атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топган.
Мазкур ҳужжатда мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизими яратилгани маълум қилинган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, амалга оширилган ислоҳотлар самарасида суд ҳокимияти ҳар томонлама мустаҳкамланиб бормоқда.
Қайд этилганидек, республикамизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни кучайтириш, ҳуқуқшунослар малакасини юксалтириш борасида салмоқли ишлар бажарилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Ҳужжатда Ўзбекистонда ушбу йўналишда эришилган ижобий натижалар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани алоҳида таъкидланади. Судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, масофавий ўқитишнинг илғор усулларини қўллаш соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришда асосий омил бўлмоқда.
Ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини юксалтиришда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази муҳим ўрин тутаётгани ҳам мазкур материалда баён этилган. Бу ерда ҳар йили суд-ҳуқуқ тизимининг икки мингдан зиёд мутахассислари билим ҳамда кўникмасини кучайтирмоқда.
Мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтган халқаро анжуманда бу жабҳада тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, суд ишларига ахборот-коммуникация технологияларини, хусусан, “онлайн” малака ошириш курсларини жорий этиш масалалари муҳокама қилингани ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилганига доир маълумотлар ўз аксини топган.


«Жаҳон» АА.
Вена

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn