Маҳаллийлаштириш дастури ижроси кўриб чиқилди
  • 25 Июнь 2015

Маҳаллийлаштириш дастури ижроси кўриб чиқилди

Тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш иқтисодиётни янада барқарор ривожлантириш, унинг ташқи омилларга қарамлигини пасайтириш, ишлаб чиқариш жараёнига янги ва самарали технологияларни татбиқ этишда катта роль ўйнайди.

Бинобарин, Ўзбекистонда импорт ҳажмини камайтириш саноатни равнақ топтиришнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу маҳаллий хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш, шу асосда замонавий рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш имконини беради.
Зеро, давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар мавжуд маҳаллий хом ашё базаси асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлай олишини яққол кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги маҳаллийлаштириш жараёнларининг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Хусусан, у Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиққан давлат органларидан биридир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мазкур вазирликнинг тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига оид  ахбороти тингланди.
Тадбир 2010 — 2014 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш дастури ижроси устидан парламент назорати доирасида ташкил этилди.
Бундан аввал қўмита аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган қатор корхоналарга ташриф буюрди. Айни чоғда жойларда ушбу ҳужжатнинг бажарилиши маҳаллий тадбиркорлар иштирокида муҳокамадан ўтказилди.
Эшитув мобайнида қайд этилганидек, юртимизда қабул қилинган тизимли чора-тадбирлар туфайли 2010 — 2014 йилларда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга оширган корхоналар томонидан 46 трлн. сўмлик маҳсулот тайёрланди. Ўтган даврда мамлакатимизда мазкур йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 марта ошиб, 10 мингта иш ўрни яратилди. Умуман олганда, 2000 йилдан буён маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида 4 минг хил импорт ўрнини босувчи янги маҳсулотлар ўзлаштирилди.
Соҳадаги ижобий кўрсаткичлар юзлаб юқори технологияга асосланган саноат ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилгани, маҳсулотлар тайёрлаш ва ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатлари, ички талаб шаклланиши, бозор зарур саноат ва истеъмол товарлари билан бойитилгани, экспорт салоҳияти кенгайиб, импорт ҳажмлари озайганида ўз ифодасини топди. Таъкидланганидек, Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишга янгича ёндашилаётгани қарорлар қабул қилиш тартибининг соддалаштирилиши, шаффофлиги, тезкорлигини таъминламоқда. Бу эса республикамизда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.
Тадбирда депутатлар томонидан жабҳанинг янада жадал тараққиётига эришиш учун ҳали ишга солинмаган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги, улардан тўлиқ фойдаланиш  зарурлигига тўхталиб ўтилди. Жумладан, Маҳаллийлаштириш дастурининг ўзига хос хусусиятлари, унинг доирасида бериладиган солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялар, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва маҳсулотни сотишда ортиқча тўсиқларни бартараф этиш, бу жараёнларда тадбиркорларнинг турли масалаларига янада тезкор ечим топиш муҳимдир.
Йиғилиш иштирокчилари тегишли қонунчилик ҳужжатлари, Маҳаллийлаштириш дастурининг сўзсиз ижросини таъминлашга оид таклифлар билдирдилар.
Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn