Олий хўжалик суди Пленуми мажлиси
  • 23 Июнь 2015

Олий хўжалик суди Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик суди судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъул вакиллари, олимлар, шунингдек, видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар хўжалик судлари судьялари ҳамда прокуратура ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга экани кафолатланган. Фуқароларнинг мазкур конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хусусий мулк устуворлиги асосида иқтисодиётни модернизация қилиш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини таъминламоқда. Айни соҳадаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф қилиш борасида тизимли  ишлар давом эттирилаяпти. Бунда Президентимизнинг шу йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилиш ва ишни кўришни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги суд ажримини чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилиши белгиланган. Таъкидлаш жоизки, Олий хўжалик суди томонидан юқорида келтирилган Фармон ижроси юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди ва манфаатдор вазирлик ҳамда идораларга тақдим этилди.
Пленум мажлисида “Хўжалик судлари томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди. Унда фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатини қўллашга оид нормалари тўғри  қўлланилишини таъминлаш, бу борада ягона суд амалиётини жорий этиш юзасидан хўжалик судларига аниқ тушунтиришлар берилган.
Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг процессуал муддатларга оид нормаларини хўжалик судлари томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди.
— Мазкур қарор лойиҳаси ишда иштирок этувчи шахслар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ўз процессуал ҳуқуқларидан самарали фойдаланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, даъво аризалари,  илтимосномалар, апелляция ва кассация шикоятлари билан судларга ахборот тизими орқали электрон шаклда мурожаат қилишда ва ишларни судларда кўриш пайтида уларга қулайлик ва енгиллик  яратиш  мақсадида ишлаб чиқилган, — дейди Олий хўжалик суди судьяси Иброҳим Алимов. — Пленум қарорида хўжалик судларининг процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблаш, муддатларни тўхтатиб туриш, тиклаш ва узайтиришда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, суд ҳужжатларини ўз вақтида ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам ўрганилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn