Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантиришнинг мустаҳкам кафолати
  • 23 Июнь 2015

Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантиришнинг мустаҳкам кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатда маъқулланган “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун  яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди ва кучга кирди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат иқтисодиёт соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш жараёнидаги навбатдаги қадам бўлиб, бизнес-тузилмалар учун янги имкониятлар очади, айни чоғда қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари учун қулай шароитлар яратади.

Парламент қуйи палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам ШОДМОНОВ мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Аввало, таъкидлаш лозимки, ушбу Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларида давлат бошқарувининг турли бўғинлари, фуқаролик жамияти институтларида ҳар томонлама муҳокамадан ўтказилди. Сиёсий партияларнинг фаол иштироки ҳуқуқий ҳужжат матни ва концепциясида жамиятимизда мавжуд сиёсий қарашларнинг кенг кўламини қамраб олиш имконини берди.
Қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш чоғида АҚШ, Германия, Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлардаги қимматли қоғозлар бозори фаолияти ҳамда уни тартибга солиш механизмлари, соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича ижобий тажриба, қонунчилик ҳужжатлари таҳлили, шунингдек, Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилотининг тамойиллари ва тавсиялари ўрганилди. Бундан ташқари, бугунги кунда самарали ҳамкорлик қилиб келинаётган Корея фонд биржасининг зарурий ва мақбул тавсиялари ҳам мазкур ҳуқуқий ҳужжатда инобатга олинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бозор ислоҳотларининг миллий модели асосида иқтисодиётни босқичма-босқич ислоҳ этилиши салмоқли ютуқларга эришишда муҳим омилга айланди. Қатор йиллар давомида макроиқтисодий барқарорлик ва жадал иқтисодий ўсиш суръатлари сақланиб тургани бунинг тасдиғидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестициявий жараёнлар, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилаш иқтисодиёт ривожида катта роль ўйнаяпти. Бу, ўз навбатида, сармоядорларнинг фонд бозорига бўлган қизиқишини оширишга туртки бўлаётир.
Пировардида республикамиз қимматли қоғозлар бозорида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Нафақат сон, балки сифат жиҳатидан самарадорликка эришилди. Айланма маблағларнинг ўсиши, умумий савдода биржа сегменти ҳиссасининг доимий кенгайиб бораётгани, фонд бозоридаги барча инфратузилмаларнинг равнақ топиши, қонунчилик базаси такомиллаштирилиши ана шулар жумласидандир.
Қимматли қоғозлар бозоридаги муносабатлар Фуқаролик кодекси, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Президентимиз ва ҳукуматимиз қарорлари ҳамда бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади. Шубҳасиз, соҳадаги асосий қонунчилик ҳужжати 2008 йилги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун ҳисобланарди.      
Жабҳадаги ҳолатнинг умумий хусусиятлари, таҳлили ва баҳоси ушбу қонунчилик ҳужжатини замон талабларига мувофиқ тубдан қайта кўриб чиқиш, унга жиддий ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди. Бинобарин, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, унда қўлланилган тушунча ва атамалар доираси, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти сезиларли даражада кенгайтирилди.
Мазкур Қонуннинг мақсади қимматли қоғозлар эмиссияси билан боғлиқ тартиб-таомилларни янги молиявий воситаларни қамраб олган ҳолда соддалаштириш, қимматли қоғозларга доир битимлар тузишда замонавий электрон технологияларни жорий этиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият талабларини қайта кўриб чиқиш, жумладан, қимматли қоғозлар бозорига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни аниқлаштиришдан иборат.
Қонунда савдо ташкилотчилари фаолиятига тегишли ҳуқуқий янгиликлар муҳим ўрин эгаллайди. Унга кўра, инвестиция воситачиси томонидан инвесторга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш кафолат фондини шакллантириш йўли билан кафолатланади. Бу инвестиция воситачилари (брокерлар) айби билан юз бериши мумкин бўлган зарарлардан сармоядорларни муҳофаза қилади, биржанинг асосий принципларидан бири — битимларни амалга ошириш ҳамда уларнинг ҳимояланганлиги кафолатини таъминлайди.
Янги таҳрирдаги ҳуқуқий ҳужжатда депозитарий ва ҳисоб-китоб-клиринг палатаси фаолияти қимматли қоғозлар бозорида профессионал иш юритишнинг лицензияланадиган мустақил кўриниши сифатида тугатилмоқда. Депозитарийнинг вазифалари инвестиция воситачилари, ҳисоб-китоб ва клиринг вазифалари эса мос равишда банк ва қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларига ўтказилаяпти. Ўз навбатида, замонавий халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда, фонд бозоридаги пул маблағлари бўйича ягона ҳисоб-китоб муассасаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки белгилаб қўйилди.
Инфратузилма облигациялари Қонундаги яна бир янгиликдир. Унда ишлаб чиқариш ва бошқа инфратузилмани барпо этиш ва реконструкция қилишни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб этиш мақсадида хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари томонидан махсус облигациялар чиқарилиши назарда тутилади. Бу эса қўшимча хорижий инвестициялар кириб келишининг яна бир муҳим омилидир.
Шундай қилиб, қимматли қоғозлар бозорида барча иштирокчиларга ишлаш учун тенг ва очиқ шароитларнинг тақдим этилиши унинг шаффофлигини таъминлайди ҳамда нафақат маҳаллий, балки чет эллик инвесторлар томонидан сармоялар жалб этилишини рағбатлантиради. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг фонд бозори рейтингини сезиларли даражада оширади.
Бундан ташқари, янги Қонунда ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш тушунчаси очиб берилди. Бундан буён била туриб ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш, тарафларнинг мажбуриятлари бир шахс ҳисобидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб бажариладиган қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш, шунингдек, қимматли қоғознинг нархи хусусида чалғитиш мақсадида бошқа ҳаракат содир этиш ва буларнинг натижасида қимматли қоғозлар нархининг, уларга бўлган талабнинг, таклифнинг ёки қимматли қоғозлар савдоси ҳажмининг бундай ҳаракатларсиз шаклланадиган даражадан ўзгариши ёки бундай ҳаракатларсиз шаклланадиган даражадан фарқ қиладиган даражада ушлаб турилиши қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш жумласига киради ҳамда бунинг учун тегишли жавобгарлик белгиланади.
Қайд этиш керакки, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириши билан фонд биржасида расмий дилерлар — қимматли қоғозларга бўлган талаб ва таклиф даражасини ушлаб турадиган маркет-мейкерлар институтини ривожлантириш имконияти пайдо бўлди. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши инвесторлар, айниқса, миноритарийларда ишончни оширади. Чунки агар бундай шахслар ўзлари олган қимматли қоғозларни келажакда сотиш истагини билдирсалар, маркет-мейкер уларни бозор қийматида харид қилади.
“Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳриридаги барча ўзгаришлар, шубҳасиз, энг илғор дунё тажрибаси, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш йўли билан фонд бозорини модернизация қилишни тезлаштиришга қўшимча туртки беради.


Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn