Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллашмоқда
  • 19 Июнь 2015

Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллашмоқда

Ривожланган мамлакатларнинг давлатчилик тажрибасидан маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш жараёни ўта мураккаб бўлиб, узоқ муддатли ҳамда стратегик хусусиятга эга ҳисобланади.

Шу маънода айтганда, мустақиллик йилларида юртимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг демократиклиги, тадрижийлиги, изчиллиги, энг муҳими, ҳаётийлиги билан эътиборга моликдир. 
Яқинда амалдаги  “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган янги 251-модда кучга кирди. Унда мамлакатимиз Конституциясининг 103-моддасига киритилган янги демократик меъёрларни ҳаётга татбиқ қилишга қаратилган, яъни вилоят, туман ва шаҳар ҳокими томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашига ҳисоботлар тақдим этилиши билан боғлиқ бўлган муносабатлар тартибга солинган.  Янги нормага мувофиқ, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади. Бу эса халқ депутатлари Кенгашлари ишининг самарали ташкил этилишига ҳуқуқий замин бўлади.
Масаланинг энг муҳим томони шундаки, айнан вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботи муҳокамаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботи Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади. Мазкур тартиб муҳокамаларнинг тизимли бўлишини, аниқ йўналишга қаратилишини, бошқача айтганда, асосли ўтказилишини таъминлайди.       
Янги нормага мувофиқ, ҳокимнинг ҳисоботини эшитишга бағишланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш мажлисларига тегишли ҳудудлардан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатларининг таклиф этилиши белгиланмоқда. Бу эса муҳокамаларнинг янада демократик тарзда ўтишига, депутатларнинг  масъулиятини оширишга, энг муҳими, парламент аъзосининг сайланган ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан доимий хабардор бўлиб туришига хизмат қилади.
Тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкинлиги тўғрисидаги норманинг замирида ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминловчи тамойил мужассамлигини кўриш мумкин.
Қонуннинг янги нормасига биноан, ҳоким ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тегишли ҳудудда жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлиб, мазкур қарорда унинг амалга оширилиши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг белгиланиши ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳуқуқий асос бўлади.
Мазкур қарор ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шартлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш билан бир қаторда, унинг бевосита ҳуқуқни қўлловчилар ҳамда фуқаролар учун танишиш ва фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.
Хулоса ўрнида айтганда, қонунга киритилган ўзгартишлар маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтиради ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимият органлари томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид вазифалар рўёбга чиқарилиши борасидаги конституциявий норманинг қонунчилик механизмларини такомиллаштиради. Ушбу норманинг ҳаётга татбиқ этилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва пировардида ҳар бир фуқаронинг манфаатларини таъминлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Мухтабар ҲУСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn