Электрон тижорат соҳасидаги муносабатлар такомиллаштирилди
Версия для печати
  • 18 Июнь 2015

Электрон тижорат соҳасидаги муносабатлар такомиллаштирилди

Шу йилнинг 23 май куни матбуотда янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

Мазкур Қонун Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган  вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонунни тайёрлаш жараёнида соҳага оид халқаро ҳужжатлар ва хорижий давлатларнинг бу борадаги қонунлари кенг таҳлил этилди.
Ўрганишларга қараганда, электрон тижорат соҳасидаги муносабатлар АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Австралия, Канадада электрон тижорат ва электрон рақамли имзони тартибга солувчи алоҳида қонунлар, Италияда электрон ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ҳиндистон, Болтиқбўйи ҳамда МДҲга аъзо мамлакатларнинг аксариятида эса, фуқаролик қонунчилигининг умумий қоидалари ва ахборот технологиялари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинган.
Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун миллий қонунчилигимизнинг илғор тажрибаси ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқий нормалар уйғунлигига асосланган. Унинг мақсади электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Қонунда “электрон тижорат” тушунчасига ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси, деб таъриф берилган бўлиб, унинг асосий принциплари электрон тижоратда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш эркинлиги, шартномалар тузишнинг ихтиёрийлиги, электрон тижоратда иштирок этиш шарт-шароитларининг тенглиги, электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига қаратилган.
Қонунга биноан, электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати ушбу соҳани ривожлантириш учун ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий, техникавий ва бошқа шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган. Давлат электрон тижорат воситасида амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соҳага инвестициялар, замонавий технологиялар ва жиҳозларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларини уларнинг электрон тижорат соҳасидаги фаолияти учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, ишлаб чиқариш-технологик, илмий-техникавий ва бошқа ахборот билан таъминлаш, электрон тижорат соҳасидаги илмий-техникавий тадқиқотларни рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини юксалтириш каби вазифаларни, шунингдек, электрон тижорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Қонунда ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Унга кўра, ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у электрон тижорат соҳасида махсус ваколат берган давлат органи амалга ошириши белгиланди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди, бу соҳадаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва рўёбга чиқаради, давлат органларининг электрон тижорат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни олиб боради.
Ўз навбатида, махсус ваколатли давлат органи бу соҳадаги давлат дастурларини шакллантиради ва амалга оширишда иштирок этади, бошқа манфаатдор давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан биргаликда, ўз ваколатлари доирасида электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди. Шунингдек, соҳани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради, бу борада тадқиқотлар ва мониторингни ташкил этади.
Албатта, ушбу муносабатларни тартибга солишда “электрон тижорат иштирокчиси” ва “ахборот воситачиси” муносиб ўринни эгаллаганлиги боис Қонунда уларнинг фаолиятига ҳам аниқлик киритилди. Жумладан, Қонунга кўра, “электрон тижорат иштирокчиси” деганда электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс тушунилса, “ахборот воситачиси” деганда эса, электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахс тушунилади.
Бундан ташқари, Қонунда электрон тижоратдаги шартнома шартлари, бундай шартномани тузиш ва бажариш, электрон тижоратда офертага қўйиладиган талаблар, электрон тижоратда давлат харидлари ва корпоратив харидларни амалга ошириш, электрон тижоратда шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш масалалари ҳам акс этди.  
Янги таҳрирдаги Қонуннинг мазмуни аввалгисидан бирмунча кенгайтирилиб, бир қатор янги моддалар қўшилганлиги билан ажралиб туради. Жумладан, аввалги таҳрирдаги Қонунда электрон тижоратнинг асосий принциплари, электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати, электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, Ҳукумат ва махсус ваколатли давлат органининг бу соҳадаги ваколатлари, электрон тижоратдаги электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг юридик кучи ва бошқа шу каби нормалар назарда тутилмаган эди. Янги таҳрирдаги Қонунда эса ушбу масалалар ўзининг ҳуқуқий ечимини топган.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун, аввало, электрон тўловлар тизимини янги босқичга кўтаришда, шунингдек, мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини юқори даражада рақамлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, қонун савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатлар (транзакцион харажатлар)ни камайтиришга, электрон тижорат субъектларининг бири-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга, сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатишга,  халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга хизмат қилади.

Зафар РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги
институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди, доцент.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn