Ўзбекистон — Жанубий Корея: Икки томонлама ишончга асосланган ҳамкорлик
  • 17 Июнь 2015

Ўзбекистон — Жанубий Корея: Икки томонлама ишончга асосланган ҳамкорлик

Жанубий Кореяда нашр этиладиган “Seoul City” журналининг навбатдаги сонида эълон қилинган “Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатлари: икки томонлама ишончга асосланган ҳамкорлик” сарлавҳали мақола Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каромовнинг жорий йил 27-29 май кунлари Корея Республикасига буюрган давлат ташрифининг якунлари мавзуига бағишланган.

Мақолада олий даражадаги учрашув чоғида икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик билан боғлиқ масалалар очиқлик, ўзаро ишонч ва конструктивлик муҳитида муҳокама қилингани қайд этилади.
“Жорий йилнинг март ойида Президент лавозимига сайланганидан сўнг Ислом Каромов биринчи давлат ташрифи билан айнан Корея Республикасига келгани учун Жанубий Корея томони чуқур миннатдорлик изҳор этди, — деб ёзади нашр. — Бу икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро ҳамкорликнинг кўламлари ва истиқболларини ҳамда Ўзбекистон томонидан Корея Республикаси билан стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга жуда катта аҳамият берилаётганини тасдиқлайди.
Томонлар мазкур ташриф олий даражадаги мунтазам мулоқотларнинг мантиқий ва ҳаққоний давоми бўлганини ҳамда у ҳамкорликнинг барча йўналиши бўйича амалий саъй-ҳаракатларга янада кучли ўсувчанлик бағишлаш юзасидан икки томонлама сиёсий хоҳиш-иродани намойиш қилганини қайд этдилар. Давлат раҳбарлари алоҳида таъкидлашганидек, “Энг муҳими, томонлар ўзаро муносабатларни қадрлайдилар, бу — самимий икки томонлама ишончдир”.
Мақолада маълум қилинганидек, “Бўлиб ўтган самарали ва конструктив музокаралар икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналиши ҳамда муҳокама этилган минтақавий ва халқаро сиёсатдаги муаммолар юзасидан қарашлар ва ёндашувларнинг яқин эканлигини тасдиқлади. Жумладан, давлатлар раҳбарлари баён этганларидек, Марказий Осиё сув ресурсларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш масалалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига мувофиқ равишда минтақанинг барча давлатлари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиниши лозим”.
“Савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий соҳалар икки томонлама муносабатлардаги энг муҳим йўналишларни ташкил этади, — деб ёзади журнал. — Жанубий Корея томони Ўзбекистонда эришилган макроиқтисодий барқарорликни, яратилган қулай сармоявий муҳитни ҳамда таълимни, инфратузилмани ривожлантириш, саноатни модернизациялаш, замонавий қишлоқ хўжалиги тармоқларини барпо этиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва чуқур тизимли ўзгаришларга юқори баҳо берди. Глобал иқтисодиётдаги мураккаб вазият ҳукмронлиги шароитида кейинги 10 йил мобайнида иқтисодий ўсиш суръатлари 8 фоиздан ошаётгани катта эътиборга сазовордир”.
Мазкур мақолада Ўзбекистон — Жанубий Корея товар алмашувлари бирдек ўсувчанликка эга эканлиги, уларнинг кейинги йиллар мобайнидаги кўрсаткичлари барқарор равишда 2 миллиард АҚШ долларидан ошаётгани алоҳида таъкидланади. “Ўзбекистон бизнес бўйича Корея Республикасининг Марказий Осиё минтақасидаги йирик савдо-сармоявий ҳамкори ҳисобланади”, деб ёзилади журналда.
Шунингдек, “Seoul City” Ўзбекистон Республикаси Президенти Исломнинг давлат ташрифи якунлари бўйича Сеулда 60 та битим ва шартнома имзолангани, уларнинг 55 таси савдо-иқтисодий, инвестиция ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига тааллуқли эканлигини ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган.
Нашр молиявий ҳамкорлик Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатларининг устувор йўналиши ҳисобланиши ҳақида ҳам тўхталган. У мазкур ташриф доирасида Жанубий Кореянинг имтиёзли кредит ресурсларини жалб этиш бўйича 7 та битим, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш дастурлари доирасида устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун Корея Республикаси банкларининг умумий қиймати 2,9 миллиард долларлик узоқ муддатли инвестициявий кредитларини жалб этиш бўйича 6 битим имзоланганини қайд этади.
Мақола хулосасида “Seoul City” журнали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каромовнинг Корея Республикасига буюрган ушбу давлат ташрифи ўзаро муносабатлардаги тарихий босқич бўлиб қолгани ва у икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишини таъкидлайди.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn