Мадридда давра суҳбати
  • 16 Июнь 2015

Мадридда давра суҳбати

Испания пойтахтида Ўзбекистондаги демократлаштириш жараёнлари ва суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўз атрофига Испаниянинг сиёсий, академик, эксперт ва ишбилармон доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини жамлаган ушбу тадбир мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Унда қатнашчилар юртимиз суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг асосий йўналишлари ҳамда демократик ва фуқаролик институтларининг шаклланиши жараёнларига оид атрофлича маълумотлар билан танишди. Шу ўринда Президент Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари концепциясидан кўзланган мақсад ва вазифаларга алоҳида урғу берилди.
Тадбирда мазкур концепциянинг изчил ҳаётга татбиқ этилиши туфайли мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, одил судловнинг самарадорлиги ҳамда сифатини ошириш юзасидан ислоҳотлар муваффақият билан амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси масалалари бўйича халқаро меъёрларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам фикр юритилди. Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг иштирокчи давлати сифатида Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тегишли тизимларига мазкур ҳужжатлар ижроси тўғрисидаги миллий маърузаларни мунтазам равишда тақдим этиб келмоқда.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти(ХМТ)нинг меҳнат аҳли ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган конвенцияларини ҳаётга татбиқ этиш масалаларида ХМТ билан ҳамкорлик борасида Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари тобора фаоллашиб бораётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Юқоридагилардан ташқари, профессионал асосда фаолият кўрсатадиган икки палатали парламентнинг тузилгани, сиёсий партияларнинг роли кучайгани, фуқаролик жамияти ва нодавлат ноҳукумат ташкилотлари институтларининг фаолият кўламлари кенгайгани, оммавий ахборот воситалари мустақиллиги мустаҳкамлангани ўзбек жамиятининг сиёсий модернизациялашуви ва демократлашувида асосий кўрсаткичлар сифатида хизмат қилаётгани ҳам тадбир чоғида қайд этилди.
— Бугунги давра суҳбати давомида Ўзбекистондаги суд тизимининг ривожланиши ҳамда сиёсий модернизациялашув жараёнлари тўғрисидаги жуда муҳим маълумотларга эга бўлдик, — деди “Паневропа иттифоқи” ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг Ёшлар қўмитаси раиси Карлос Уриарте “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида. — Биз мамлакатингизнинг янги демократик тизимга ўтиш борасида салмоқли муваффақиятларни қўлга киритаётганини кўриб турибмиз. Шу ўринда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро меъёрларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан мамлакатингизда сезиларли тараққиётга эришилганини таъкидлашни истар эдим.
— Ўзбекистон мустақил, демократик ва барқарор давлатни барпо этиш томон жиддий қадам ташлаган, — деди Мадрид автоном университети профессори, МДҲ мамлакатлари бўйича эксперт Алехандро Лорка. — Мамлакатингизда сиёсий барқарорлик мавжуд эканлигини алоҳида қайд этишни истар эдим. Бу ўзбек жамиятининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа жабҳаларида ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилиш учун зарур бўлган барча шароитни яратиб бермоқда.
— Мен тадқиқотчилик ва инновация лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланадиган ташкилотнинг вакили сифатида мамлакатингиздаги иқтисодий ривожланиш суръатлари катта эътибор ва ҳурматга лойиқ эканлигини таъкидлашни истар эдим, — деди Испаниядаги “CYTSA” ташкилоти вакили Иньес Гонсалес. — Бугун бўлиб ўтган давра суҳбати бизларга Ўзбекистонда эришилган ижобий ўзгаришларнинг ҳуқуқий ва сиёсий асослари ҳақидаги зарур маълумотлар билан яқиндан танишиш учун жуда қулай имконият яратди. Мамлакатингиз бундан кейин ҳам янгидан-янги муваффақиятларни қўлга киритишига тилакдошман.

«Жаҳон» АА.
Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn