Йўловчилар ҳуқуқларининг кафолати
  • 13 Июнь 2015

Йўловчилар ҳуқуқларининг кафолати

Яқинда Президентимиз томонидан “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди

Олти ойдан кейин кучга кирадиган мазкур ҳуқуқий ҳужжат 2011 — 2015 йилларда республика микромолиялаш соҳасини ва нобанк молия секторини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар асосида ишлаб чиқилди.
Ушбу Қонуннинг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. У тегишли вазирлик ва идоралар, суғурта компаниялари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхоналар мутахассислари иштирокидаги конференциялар, суҳбатларда муфассал таҳлилдан ўтказилди. Қонунни тайёрлаш чоғида сиёсий партиялар фракциялари уни такомиллаштириш бўйича ўз таклифлари ҳамда тавсияларини берди. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида кенг муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинди.
Мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида парламент қуйи палатаси депутатлари ҳамда соҳа вакиллари ўз фикрларини билдирмоқда..

П. СВЕШНИКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
— Мамлакатимизда нобанк молия секторини янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар жабҳага доир қонунчиликни маромига етказишни тақозо этди. Айни пайтгача соҳадаги муносабатлар 1993 йилда қабул қилинган “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий давлат суғуртаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солиб келинарди. Лекин унинг алоҳида нормалари замон талабларига жавоб бермайди ҳамда ташувчининг хизматларидан фойдаланиш чоғида йўловчига етказилган зарар қопланишини тўлиқ таъминламайди.
Бинобарин, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун юқорида номи тилга олинган ҳуқуқий ҳужжатнинг ўрнини эгаллаши назарда тутилган. Яъни ушбу қонунчилик ҳужжати асосида йўловчилар манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш учун шароит яратилиб, йўловчиларни мажбурий шахсий суғурта қилиш ўрнига дунё тажрибасида кенг қўлланилаётган ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизми амалиётга жорий этилади. 
Умуман, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги транспорт воситасида ташиш чоғида йўловчиларга етказилган зарар қопланишини кафолайди.

Н. СОБИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
— Юртимизда транспорт-коммуникация тизимининг жадал тараққий топиши йўловчи ташиш соҳасидаги муносабатларни ҳам тубдан такомиллаштиришни талаб этмоқда. Шундай экан, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини йўловчиларни мажбурий шахсий суғурта қилиш тизимига алмаштирилиши самаралидир. Зеро, бу Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қонунчилиги ижросининг кафолатли воситасига айланади.  
Ушбу Қонунда ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилувчи субъектлар кўрсатиб ўтилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Улар Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги каби транспорт соҳасидаги давлат органларидир. Қолаверса, ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ваколатга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. 
Мухтасар айтганда, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун янги иш ўринлари яратилиши, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига тақдим этилаётган хизматлар сифатини оширишга кенг имкон яратади.

А. САЛОҲУДДИНОВ,
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси бош инспектори:
— Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик дунёнинг кўплаб давлатларида мавжуд. Унинг ҳар томонлама ўрганилиши шуни кўрсатдики, бу усулда суғурта қилиш жабрланган йўловчиларга етказилган зарарни ўз вақтида қоплаш билан бирга, ташувчининг молиявий барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ижобий натижалар бераяпти. “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши асосида янги суғурталаш тизими таклиф этилмоқда. Бу суғуртачиларга соҳадаги хавфлардан ҳимояланиш бўйича эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш имкониятини ҳам беради. Шу боис унда мажбурий суғурта қилиш тартиби, суғурта бозори иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилган.
“Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун етказилган зарарни қоплаш кафолатларини таъминлашнинг умумдавлат тизимида муҳим ўрин эгаллаб, мулкий манфаатлар муҳофазасини таъминлайди.

Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn